Сувга чиқинди ташлаган корхоналарга жиноят иши қўзғатилди
3-саҳифа
−
25 Сентябрь
1726Сувга ахлат ташлаган корхоналарга прокуратура томонидан жиноят иши қўзғатилди. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, Тошкент вилоятининг Зангиота тумани ҳудудидан оқиб ўтувчи Бўзсув канали минтақаси ўрганилганда, сув ҳавзасига саноат ва маиший чиқиндилар ташлаш, санитария-муҳофаза зоналарига ўзбошимчалик билан қурилмалар қуриш каби кўплаб қонунбузилиш ҳолатларига йўл қўйилаётгани аниқланган.
Мазкур ҳолатларни бартараф этиш мақсадида идоралараро ишчи гуруҳи шакллантирилиб, махсус техникалар жалб қилинган ҳолда сув ҳавзасини чиқиндилардан тозалаш ва ноқонуний қурилмаларни бузиш чоралари кўрилди.
Шунингдек, Тошкент шаҳридан чиқаётган оқова сувларни тозаловчи Бўзсув тўйинтириш иншоотларига саноат чиқиндилари билан ифлосланган сувларни ташлаётган корхоналар хатловдан ўтказилиб, саноат оқова ташламалари таркиби лаборатория текширувидан ўтказилди.
Текшириш натижасига кўра, каналга ташланаётган оқова сувлардаги моддалар концентрацияси белгиланган меъёрлардан ошиб кетиб, табиатга зарар етказилган ҳолати юзасидан айбдорларга жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатларига киришилди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Бўзсув каналига ахлат ташлаган Тошкент шаҳар Каналлардан фойдаланиш ва уларга туташ ҳудудларни ободонлаштириш бошқармаси масъул ходими жаримага тортилганди.
LiveБарчаси