Каналга ахлат ташлаган масъул ходим жазоланди (видео)
3-саҳифа
−
20 Август
4764Бўзсув каналига ахлат ташлаган Тошкент шаҳар Каналлардан фойдаланиш ва уларга туташ ҳудудларни ободонлаштириш бошқармаси масъул ходими жаримага тортилди. Бу ҳақда Санитар тозалаш ишларини ташкил этиш республика маркази хабар берди.
Қайд этилишича, ҳодиса Тошкент шаҳар Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармасининг Учтепа тумани инспекторлари, Тошкент шаҳар ҳудудий филиали ҳамда Сув, ер ресурслари ва ер ости бойликларини муҳофаза қилиш бўлими масъуллари томонидан жойига чиқиб ўрганилган.
Жараёнда канал қирғоқларида чиқиндилар мавжудлиги ва қаровсиз ҳолатга келганлиги аниқланиб, ҳолат юзасидан Тошкент шаҳар Каналлардан фойдаланиш ва уларга туташ ҳудудларни ободонлаштириш бошқармаси ходимлари жалб қилинганда, Бўзсув канали қирғоқларини мустаҳкамлаш мақсадида соз тупроқ билан тўлдирилганда тупроқ орасида қурилиш чиқиндилари бўлганлиги маълум бўлган.
Мазкур ҳолат юзасидан Тошкент шаҳар Каналлар бошқармаси масъул ходими М.Т. исмли шахсга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 91¹-моддаси (Белгиланмаган жойларга қаттиқ маиший чиқиндиларни ва қурилиш чиқиндиларини ташлаш, шунингдек суюқ маиший чиқиндиларни тўкиш) 3-қисми билан маъмурий баённома расмийлаштирилиб, 6 млн 800 минг сўм миқдорида жаримага тортилди.
Шунингдек, Бўзсув канали қирғоқлари чиқиндилардан тозаланиб, кузги мавсумда дарахт кўчатларини экиш мажбурияти юклатилган.