Сув устидаги сарой. Навальний “Путиннинг 700 миллионлик сири”ни очди

Олам 22035
image
-

Россиялик мухолифат етакчиси Алексей Навальний жамоаси Россия Президенти Владимир Путинга тегишли экани айтилаётган 140 метрли “Шаҳерезада” (“Scheherazade”) яхтаси бўйича терговни эълон қилди. Текширув Навальнийнинг сайтида чоп этилган. 

Дунёдаги энг катта яхталардан бири 2020 йилда сувга туширилган. Айтилишича, кема ҳозирда Италиянинг Тоскана районидаги Марина-ди-Каррара денгиз курортидаги портда. “SuperYachtFan” сайти маълумотларига кўра, яхтанинг нархи 700 миллион доллар (Россия Федерацияси Марказий банкининг 21 мартдаги курси бўйича 72,8 миллиард рубль). 

Яхта олтита палубага эга. Асосий палубада меҳмонлар учун олтита каюта, ошхона, спа-салон, массаж хоналари, сауналар, спорт зали, дайвинг ва балиқ овлаш жиҳозлари жойлашган. 

“The New York Times”нинг маълумотларига кўра, кемада рақс майдончасига айланадиган томи очиладиган ҳовуз мавжуд ва ҳаммомларида олтин билан қопланган лампалар осилган. 

Яхтада иккита вертолёт майдони, асосий палубада эса вертолёт учун ангар бор. Юқори палубалардан бирида катта меҳмонхона, овқатланиш хонаси, иккита VIP-каюта ва механик рояль мавжуд бўлиб, экипаж аъзосининг сўзларига кўра, у одам иштирокисиз мусиқа ижро этади. Бундан ташқари, кемада бильярд хонаси мавжуд. 

Шунингдек, яхтада иккитаси газ ва биттаси ўтин билан ёнадиган учта камин бор. Навальний жамоасининг таъкидлашича, ўтин билан ёнадиган камин “ҳатто, суперяхталар учун ҳам жуда кам учрайдиган ҳолат”. 

Яхта эгасининг палубаси икки зонага бўлинган. 

“Биринчиси — ётоқхона, алоҳида шахсий спа хонаси, жакузили ҳаммом, кийиниш хонаси ва иш хонаси бўлган зона. Бу палубадаги иккинчи зона эса яхта эгаси ҳамроҳининг зонаси бўлиб, у катта ётоқхона, жакузили ҳаммом ва кийиниш хонасидан иборат”, дейди тергов муаллифларидан бири Георгий Албуров. 

Таъкидланишича, кеманинг эгаси расман номаълум. Ҳужжатларда Маршалл оролларидан офшор борлиги кўрсатилган. “Шаҳерезада” узунлиги 140 метрдан ортиқ бўлган 14 та яхтадан эгаси очиқланмаган ягона кема бўлиб қолган. 

“The New York Times” газетасининг ёзишича, кема АҚШ ва Европа Иттифоқи санкциялари остида бўлган “Яқин Шарқлик миллиардер ёки россиялик – ҳатто, жаноб Путинга” ҳам тегишли бўлиши мумкин. 

Навальний жамоаси яхтанинг эгаси Владимир Путин эканлигини ҳужжат билан тасдиқлай олмаган. Аммо, тергов иштирокчиси Мария Певчихга кўра, улар кема ҳақиқатан ҳам Путинга тегишли эканлигига “энг яхши далил”ни топган: у ерда Россия Федерал хавфсизлик хизмати (ФСО) ходимлари ишлайди. 

Қайд этилишича, яхтада умумий ҳисобда 23 киши ишлайди: кема капитани Гай Беннетт-Пирс Буюк Британия фуқароси, қолганлари Россия фуқаролари. 

Терговга кўра, кема капитанининг катта ёрдамчиси Сергей Гришин турли одамларнинг телефонларида “Сергей ФСО” номи билан ёзилган. 

“Экипаж рўйхатининг фақат биринчи иккита варағида биз 23 кишини кўрамиз, уларнинг деярли ярми ФСО билан боғлиқ. Бу яхтанинг Путинга тегишли эканлигига бундан яхши далил топа олмаймиз. Ҳатто Москвадан минглаб километр узоқликда жойлашган Италияда ҳам Путиннинг соқчилари ва шахсий ходимлари сифатида расман қайд этилган одамлар ишлайди”, деган Мария Певчих. 

Кема капитани Гай Беннетт-Пирс “The New York Times” газетаси билан суҳбатда яхта Владимир Путинга тегишли эканлигини ёки Путин унда бўлганини рад этган. 

“Мен уни ҳеч қачон кўрмаганман. Мен у билан ҳеч қачон учрашмаганман”, деган у нашрга. 

Кема капитани яхта эгаси ҳеч қандай санкция рўйхатида йўқлигини таъкидлаган ва кема россияликка тегишли эканлигини истисно этмаган. У ошкор етмаслик тўғрисидаги келишувга асосланиб, яхта эгасининг шахси ҳақидаги қўшимча маълумотларни айтишдан бош тортган. 

Навальний жамоаси яхтани ҳибсга олишни ва бу кемани қуриш, безаш ва техник хизмат кўрсатиш учун ким, қачон ва қандай пул тўлагани ҳақидаги ҳужжатларни ошкор қилишни талаб қилган.

Эслатиб ўтамиз, 2021 йил 19 январь куни Россиялик мухолифат етакчиси, Коррупцияга қарши курашиш фонди асосчиси Алексей Навальний “ФБК” YouTube каналида Президент Владимир Путиннинг Қора денгиз соҳиллари бўйида жойлашган Геленжикдаги сирли саройи ҳақида ҳужжатли фильмни эълон қилган эди. 

Жорий йил январь ойида Навальний жамоаси Россия раҳбарининг Геленжикдаги қароргоҳи дея атаб келинадиган кошонанинг ички интерьер суратлари акс этган ҳужжатли фильмнинг иккинчи қисмини эълон қилди. 

Айни пайтда қамоқда бўлиб турган Навальний фирибгарлик ва судни ҳақорат қилганликда айбланмоқда. У 13 йилга қамалиши мумкин. 

Рушана Султонова
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 583
Рейтинг: 3
t
×