Ўлганнинг устига тепган. Навальний ва унинг гуруҳини террорчига чиқариш талаб қилинмоқда
Олам
−
26 Январь 2022
9931Россия расмийлари ҳозирда қамоқда сақланаётган Кремль танқидчиси Алексей Навальний ва унинг тарафдорларини мамлакатнинг террорист ва экстримистлар расмий рўйхатига киритишни сўрамоқда.
Бундан ташқари, мамлакат Федерал қамоқ хизмати Алексейнинг укаси Олегга тайинланган шартли қамоқ жазосини бир йиллик қамоқ жазосига алмаштиришни талаб қилган.
Россия Президенти Владимир Путиннинг ашаддий танқидчиси Алексей Навальний мамлакатда порахўрлик билан курашиш учун Коррупцияга қарши кураш фондини тузган.
2020 йил “Новичок” туридаги заҳар билан заҳарлангани айтиладиган Навальний омон қолиб Германияда даволанган эди.
Даволаниб Россияга қайтган Навальний Москва аэропортларидан бирида ҳуқуқ тартибот органлари томонидан ҳибсга олинган ва суд уни мамлакатда оммавий тартибсизликларни уюштирганликда айбланиб, қамоққа ҳукм қилинган.
2021 йил Навальнийнинг сиёсий фаолияти “экстермистик ташкилотларга алоқадор” дея баҳоланиб, мамлакат бўйлаб тақиқланган.
Навальний ва тарафдорларининг Молиявий мониторинг бўйича федерал хизматнинг (Росфинмониторинг) “Террористик ташкилотлар” рўйхатига киритилиши улар учун жиддий муаммолар юзага келишини билдиради.
Бунинг ортидан, Навалний ва унинг жамоаси банк операциялари бўйича чекловларга дуч келиб, ҳар сафар ўзининг банкдаги ҳисобидан фойдаланишни хоҳлаганда ҳукуматдан рухсат олиши керак бўлади.
Навальнийнинг укаси Олег 2021 йил август ойида бир йиллик шартли қамоқ жазосига ҳукм қилинган. У 2021 йил январь ойида рухсат этилмаган норозилик намойишларида қатнашиб, одамларни COVID-19 чекловларини бузишга тарғиб қилганликда айбланган бир гуруҳ шахслар қаторида бўлган.
Европарламент ўтган йили Алексей Навальний “Нобель” мукофотига номзод қилиб кўрсатилгандан сўнг, унга фикр эркинлиги учун “Сахаров” мукофотини берган эди.
Эслатиб ўтамиз, бундан бир неча кун аввал, Навальний жамоаси Россия раҳбарининг Геленжикдаги қароргоҳи дея атаб келинадиган кошонанинг ички интерьер суратлари акс этган ҳужжатли фильмнинг иккинчи қисмини эълон қилган эди.
Беҳруз Саидов
LiveБарчаси