Дамашқдаги янги расмийлар Сурияни Араб Лигасига қайтармоқчи
Олам
−
18 Январь
1622Дамашқдаги янги муваққат ҳукумат Сурия халқининг иродасини қўллаб-қувватлаши ва Суриянинг минтақавий ташкилотдаги ўз ўрнига қайтиши учун Араб Давлатлари Лигасига умид қилмоқда. Бу ҳақда Сурия ўтиш даври ҳукумати ташқи ишлар вазири вазифасини бажарувчи Асаад Ҳасан ал-Шибоний Дамашққа борган Араб Лигаси делегацияси Бош котиб ёрдамчиси Ҳусам Закий бошчилигидаги делегация билан учрашувдан сўнг маълум қилди.
“Биз Араб Лигаси Сурия халқининг иродасини қўллаб-қувватлайди, деб умид қиламиз ва тез орада унга қайтишни кутамиз. Биз Суриянинг Араб Лигасидаги ўрнига қайтишини интиқлик билан кутамиз", деди у.
Шунингдек, Суриянинг янги расмийлари Араб давлатлари лигасини мамлакатни қайта қуриш, айниқса энергетика ва инфратузилма соҳаларида ҳисса қўшишга чақирмоқда.
"Араб биродарларимизни, айниқса, энергетика ва инфратузилма соҳаларида қайта қуриш ишларига ҳисса қўшишга чақирамиз", дейди ал-Шибоний.
Дамашқнинг Араб Лигасидаги аъзолиги 2011 йилнинг ноябрида қуролли можарога айланган ички инқироз авжида тўхтатилган эди. 2023 йил 6 февралдаги зилзиладан сўнг кўплаб араб давлатлари Сурия билан яқинлашиш сари ҳаракатланиб, унга катта гуманитар ёрдам кўрсатди. 2023 йил 7 май куни Араб Лигаси Кенгаши Қоҳирада бўлиб ўтган фавқулодда йиғилишда Сурияни минтақавий ҳамжамиятдаги ўз ўрнига қайтаришга қарор қилди.
2023 йил 19 май куни Суриянинг собиқ раҳбари Башар Асад Саудия Арабистонининг Жидда шаҳрида 2010 йилдан бери илк бор Араб Лигаси саммитида иштирок этди.
Қайд этиш жоиз, Сурияда ҳокимят тепасига янги кучлар келгач, улар кўплаб мамлакатлар билан мулоқотни йўлга қўйишни бошлади. Уларнинг етакчиси Аҳмад аш-Шаро ўтган йил охирида Сурияда ҳокимиятни эгаллаганидан бери Дамашқда Туркия Ташқи ишлар вазири Хоқон Фидан, Қатар Ташқи ишлар вазирлиги давлат вазири Муҳаммад ал-Хулайфий, Украина Ташқи ишлар вазири Андрей Сибига, Ливаннинг ўша пайтдаги бош вазири Нажиб Микати, Германия Ташқи ишлар вазири Анналена Бербок ва Франция Ташқи ишлар вазири Жан-Ноэль Барро билан учрашди.
Аш-Шибоний бошчилигидаги Суриянинг янги расмийлари делегацияси Саудия Арабистони, Қатар, БАА ва Иорданияга борди.