Сурия Араб Лигасига қайтди. Энди у Россия ва Эрондан воз кечадими?

Таҳлил

image

Кеча, 19 май куни Саудия Арабистонида бўлиб ўтган саммитда Президент Башар Асаднинг иштирок этди. Бу эса Суриянинг Араб Лигасига қайтганини англатади. Шунингдек, мазкур ҳолат минтақа давлатларининг Ғарбга қарама-қарши бўлган Асад ҳукумати ҳақидаги қарашларида муҳим ўзгаришларни акс эттиради. Бу ҳақда “Al-Jazeera” ёзмоқда.

Сурия мухолифат намойишларини шафқатсизларча бостириши ва мамлакатда бошланган уруш ортидан умумараб институти фаолияти тўхтатилганидан 11 йилдан кўпроқ вақт ўтиб, бугун араб пойтахтларида консенсус пайдо бўлди. Унга кўра, араб етакчилари Сурия муаммоларини ҳал қилиш учун Дамашқ билан бевосита ҳамкорлик қилиш кераклигини тушуниб етган.

Сурия инқирозини умумараб муаммоси сифатида тушунган Лига давлатлари ушбу можаронинг минтақага зарарли ва беқарорлаштирувчи таъсирини бартараф этиш учун араб стратегияларини амалга оширишга қатъий қарор қилган. Таҳлилчиларга кўра, улар можарони юмшатиш орқали у билан боғлиқ бўлган гиёҳванд моддалар савдоси тармоқлари, қочқинлар инқирози, чегара хавфсизлигининг заифлашиши ва Эрон кучлари ҳамда Теҳрон томонидан қўллаб-қувватланадиган қуролли кучларнинг Суриядаги ролининг кучайишига ечим топишга умид қилмоқда.

Century International илмий ходими ва Яқин Шарқ бўйича таҳлилчи Арон Лунднинг фикрича, Араб Лигасининг тўлиқ ҳуқуқли аъзолигини тиклаш Сурия ҳукумати учун катта ғалаба бўлади.

“Қайтарилишига рухсат берилгани Сурия минтақага қайта интеграция қилинаётганини ва бошқа араб етакчиларининг Асад бу ерда қолишига ишончи комил эканини кўрсатади. Демак, бу Дамашқ ҳукуматининг сиёсий ғалабаси. Ўз-ўзидан бу унчалик кўп ўзгаришларни келтириб чиқармайди. Сурия ёрдам ва сармояга жуда муҳтож. Араб Лигаси эса бунинг ҳеч бирини таъминлай олмайди, лекин буни қила оладиган Кўрфаздаги араб давлатлари бор”, дейди Лунд. 

Саудия Арабистони минтақавий куч сифатида

Саудия Арабистонининг Дамашқ билан муроса томон ҳаракат қила бошлагани Суриянинг араб дунёси дипломатик доирасига қайта интеграциялашувида муҳим омил бўлган.

6 февралдаги зилзилалар ҳам, 10 мартдаги Саудия-Эрон дипломатик келишуви ҳам Ар-Риёднинг Асад режими билан муносабатларни тиклаш йўлидаги ҳаракатини тезлаштирган. Айтилишича, Суриянинг Араб Лигасига қайтиши Саудия Арабистони ўз позициясини ўзгартиргандан кейингина амалга ошди, деган хулосага келиш адолатли бўлади.

Гарчи Қатар, Қувайт ва Марокаш каби бир қанча араб давлатлари Дамашқ билан муносабатларни қайта тикламаган, ҳалигача Асад ҳукуматини ноқонуний деб ҳисоблаб келаётган бўлсада, Ар-Риёд араб ва ислом дунёсидаги етакчи сифатида ўз таъсиридан фойдаланиб, уларни Суриянинг Араб Лигасига қайтишига тўсқинлик қилмасликка кўндирган.

Таъкидланишича, Ар-Риёд ва бошқа араб пойтахтлари Дамашқ билан ўз мамлакатлари миллий манфаатларини қандай идрок этишига қараб иш олиб боришни танлаган ҳолда, бу прагматик ҳаракатни давом эттирган.

Кўпгина араб ҳукуматлари нуқтаи назарида Қўшма Штатлар ва бошқа Ғарб давлатларининг Сурияни изоляция қилиш стратегияси барқарор эмас. Баъзи араб амалдорларининг фикрича эса, бундай сиёсат Дамашқни Эроннинг таъсир орбитасида мустаҳкам ушлаб туради. Шунинг учун, араб давлатлари ҳам Асад режимини жалб қилиш орқали Сурияни ўз қўлига қайтаришга ҳаракат қилади.

Сурия ҳукумати молиявий қўллаб-қувватлаш ва қонунийликка муҳтож. Дамашқнинг фикрича, иккаласи ҳам, ҳеч бўлмаганда, Саудия Арабистони ва бошқа бадавлат араб давлатлари билан расмий муносабатларни қайта тиклаш орқали амалга оширилиши мумкин.

“Асад жуда прагматик ва у пулни қаердан келганига қараб ўтирмайди. Саудияликларми, эронликми ёки русларми, фарқи йўқ. Бу доирада режим ўз манфаати учун нима керак бўлса, шуни қилади. Биз уларнинг бошқа араб давлатлари билан Сурия манфаати учун ҳамма нарсани қиламиз ва ҳеч қандай жиддий ён бермаймиз, деб ўзаро муносабатларига жуда ишонганини кўрдик”, дейди Лондондаги Кингс коллежининг Мудофаа тадқиқотлари кафедраси доценти Андреас Криг.

Маълум бўлишича, Асад ҳукуматининг Араб Лигасига қисқа муддатда қайтиши туфайли араб пуллари дарҳол Сурияга оқиб кела олмайди. Ғарб томонидан Сурияга нисбатан жорий қилинган санкциялар, хусусан Вашингтоннинг Сезар қонуни ҳозирда Саудия Арабистони, БАА ва бошқа араб давлатлари томонидан киритилаётган сармояларга энг катта тўсиқ бўлмоқда.

Мутахассисларнинг фикрича, Форс кўрфази ҳамкорлик кенгаши (GCC) аъзолари Сурияга сармоя кирита олмаса, Дамашқнинг Эрондан узоқлашишини тасаввур қилиш қийин.

“Агар Сурияга тор гуманитар ёрдам доирасида ташқаридан сармоя киритиш имкони бўлмаса ва санкциялар бекор қилинмасдан қолса, БАА ҳам, Саудия Арабистони ҳам Сурияга пул қўёлмайди ва бу билан Асад режими руслар ёки эронликлардан воз кечиш имконини йўқотади. Шунга ўхшаб, агар улар гиёҳванд моддалар савдосидан ҳар йили бир неча миллиард доллар йўқотаётган бўлсалар ва бу йўқотиш Форс кўрфазидаги пул билан қопланмаса, нима учун улар Каптагон савдосини тўхтатсин?”, деб тушунтирган Криг. 

Бироқ таҳлилчиларнинг фикрича, Абу-Даби ва Ар-Риёд Сезар санкцияларини Вашингтон олиб ташлайдиган ёки енгиллаштирадиган вақтинчалик тўсиқ сифатида кўришади, ҳатто яқин орада ҳам, БАА ва Саудия Арабистони можародан кейинги Сурияга пул қўйиш ва ўз тармоқларидан фойдаланиб, мамлакатда катта геосиёсий нуфузга эга бўлиш учун вақт келади, деб тахмин қилмоқда.

Қатар ва Қувайт

Асад ҳукумати билан муносабатларни қайта тиклашдан тийилган Қатар ва Қувайтнинг позицияси Дамашқ томонидан Сурия режимини қайта тиклашга лойиқ бирор чора кўрилмаганига асосланади.

“Қатар ўзини Араб дунёсидаги Асад режимига энг қаттиқ рақиб сифатида кўрсатди. Бу Доҳадаги кўпчиликнинг фикрини акс эттиришига шубҳа қилмайман, аммо бу позициянинг прагматик ва шахсий манфаатдор сабаблари ҳам бор”, дейди Лунд.

Кўрфаз халқаро форумининг катта илмий ходими ва АҚШнинг Ямандаги миссияси раҳбарининг собиқ ўринбосари Набил Хурининг фикрича, Қатар ва Қувайт минтақада бошқача тарихга эга, уларнинг ёрдами режимни қўллаб-қувватлашдан кўра, биринчи навбатда ривожланиш лойиҳалари ва институтларни қуришга қаратилган. 

“Қатар шаклланаётган иттифоқлардан ташқарида қолишни афзал кўради, айниқса, у Исроил билан боғлиқ бўлса. У минтақавий можароларда воситачи ролини ва амалдаги Фаластин сиёсатини сақлаб қолишни афзал кўради”, дейди Набил Хури.

Бироқ, на Қатар, на Қувайт Суриянинг Араб Лигасига қайтишига тўсқинлик қилмаган ва икки давлат 7 май кунги йиғилишда қатнашмаган.

Доҳа учун Сурия бўйича араб консенсусининг олдини олиш Қатарнинг Форс кўрфази ва араб дунёсининг бошқа мамлакатлари билан муносабатларига қандай путур етказиши мумкинлиги ҳақида хавотирлар бор эди. Қатарнинг Асад ҳукуматига нисбатан позицияси унга Сурия масаласида бошқа араб давлатларини ҳаддан ташқари хафа қилмасдан, инсон ҳуқуқлари тарафдори деб ҳисоблаган ташқи сиёсатни давом эттириш имконини беради.

2017-2021 йиллардаги Форс кўрфази инқирозини ҳал қилган 2021 йилнинг январидаги ал-Ула саммитидан сўнг, Доҳа Арабистон ярим ороли ва Мисрдаги бевосита қўшниларига душманлик қилишдан қочган. Кригнинг фикрича, қатарликлар Суриянинг Араб Лигасига қайтишига тўсқинлик қилмасдан, прагматизм кўрсатган. 

“Қатар Араб Лигаси резолюциясига ўз қаршилигини билдирди, бироқ бундан нарига ўтмади. Қатар томонидан резолюцияни тўхтатишга жиддий уриниш бўлмаганга ўхшайди”, деган Лунд. 

Дарҳақиқат, Суриянинг Араб Лигасига қайтишига тўсқинлик қилмасдан, Қатар Дамашққа ён бераётган эди. Аммо Қатарда тез орада Асад ҳукуматига қўшимча ён бериш учун ҳеч қандай рағбат йўқ ва Доҳа Сурия ҳукуматига қонуний муносабатда бўлган сўнгги араб пойтахти бўлади, деб ишониш учун асослар бор.


Мақола муаллифи

Теглар

Сурия Саудия Арабистони Башар Асад Араб Лигаси

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг