Сунъий интеллект ҳукуматни бошқаришда кўмаклашади
Технология
−
21 Апрель 2023
4882Япониянинг Канагава префектурасидаги шаҳарлардан бирининг раҳбарияти маъмурий вазифаларни бажаришда ёрдамлашиш учун ChatGPT'дан фойдаланишга қарор қилди. Бу ҳақда CNN хабар берди.
Қайд этилишича, Йокосука шаҳри ҳукумати шу ҳафтадан бошлаб барча ходимларга жумлаларни умумлаштириш, имло хатоларини текшириш ва ғоялар ишлаб чиқиш учун чатботдан фойдаланишга рухсат берган. Шаҳар ҳукумати матбуот котибининг айтишича, Японияда давом этаётган демографик инқироз, аҳоли сонининг қисқариши ва қариш жараёнининг тезлашиши ушбу қарорнинг қабул қилинишига сабаб бўлган. Яқинда мамлакат раҳбари ҳам Япония ижтимоий функцияларни сақлаб қола олмаслик хавфи ёқасида турганидан огоҳлантирганди.
Йокосука шаҳри ҳам бундан мустасно эмас. Ҳукумат расмий маълумотларига кўра, шаҳарда 376 мингдан ортиқ одам истиқомат қилади. Аҳоли сони йилдан-йилга қисқаришда давом этмоқда. Табиий пасайиш асосий ишлаб чиқарувчиларнинг кўчиб кетиши ва туризм даражасининг пастлиги билан қўшилган ҳолда ушбу жараённи янада тезлаштиряпти.
Матбуот хизмати хабарига кўра, шаҳар ҳукумати бу муаммони ечиш ва самарадорликни ошириш учун иш жараёнини яхши йўлга қўйиш мақсадида ChatGPT'дан фойдаланишни режа қилган. Чатботга ҳеч қандай махфий ёки шахсий маълумотлар киритилмаслиги қўшимча қилинган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ маълумотлар хавфсизлиги билан боғлиқ муаммолар сабаб Италияда ChatGPT блокланганди. Чатбот шу сабабларга кўра Германияда ҳам блокланиши мумкинлиги маълум қилинган. Шунингдек, Канадада унга нисбатан тергов бошланган эди.
LiveБарчаси