Суд Фирдавс Абдухолиқов ишини кўрмоқда. У нимада айбланяпти?
Жамият
−
01 Февраль 2022
10958Кинематография агентлиги бош директори Фирдавс Абдухолиқовга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 175-8-моддаси (давлат харидлари тўғрисидаги қонунчиликни бузиш) нинг 4-қисми билан маъмурий иш қўзғатилган. Бу ҳақда Олий суд Матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, Абдухолиқовга нисбатан қўзғатилган маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш жорий йилнинг 26 январь куни мазмунан кўриб чиқиш учун жиноят ишлари бўйича Чилонзор туман судининг иш юритувига келиб тушган.
Ишни кўриш жорий йилнинг 27 январь куни бошланган ва илк эшитувда Фирдавс Абдухолиқов иштирок этиб, кўрсатма берган.
Суд ишни кўриш бўйича кеча, 31 январга қадар танаффус эълон қилган бўлиб, шу куни Фирдавс Абдухолиқов судга ариза билан мурожаат қилиб, ишни кўришни бошқа кунга қолдиришни сўраган.
Суд жараёни давом этмоқда.
Шу ўринда қайд этиш керакки, Ўзбекистон Президентининг “Давлат органлари ва ташкилотларининг фаолияти очиқлигини таъминлаш, шунингдек, жамоатчилик назоратини самарали амалга оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонга биноан, 2021 йил 1 декабрдан бошлаб давлат хизматчиларининг касбий фаолияти билан боғлиқ ҳуқуқбузарликларга оид ишлар бўйича суд мажлислари телеканаллар ва интернетда жонли эфирга узатилиши керак эди. Аммо Абдухолиқов ишида бу фармон афтидан унутилди ёки судлар Президент фармонини ўзи хоҳлаганда ижро этади. Суд иши бошланганидан 4 кун ўтиб маълумот берган тизимдан яна нима кутиш мумкин?
"Сабрия" машмашаси
Аввалроқ, Президент Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги “Sevimli” телеканалида эфирга узатилаётган "Сабрия" сериалида ахлоқсиз саҳналар мавжудлиги ва бу жамоатчиликнинг кескин эътирозига сабаб бўлгани ортидан экспертиза тайинланганини эълон қилган эди.
Орадан кўп ўтмай, Президент Шавкат Мирзиёевнинг қизи – Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди Васийлик Кенгаши раиси ўринбосари Саида Мирзиёева ҳам “Сабрия” сериалини танқид қилди ва ҳеч қайси фильмда аёлларга нисбатан бу қадар нафратни кўрмаганини билдирди.
Ушбу масала кун тартибига чиқиши ортидан телеканал продюсери Амира Рашидова ижтимоий тармоқлар орқали муносабат билдириб, “ахлоқсиз” деган айбловни қўйишдан олдин, кесиб олинган кадрнинг якунини тушуниш учун фильмнинг яна 3 дақиқасини кўриш етарли” эканини маълум қилди.
Шундан сўнг, мазкур масалага Ўзбекистон Кинематография агентлиги Бош директори Фирдавс Абдухолиқов ҳам изоҳ берди. Унга кўра, “Сабрия” сериали ҳақиқатан ҳам бадиий ва мазмунан саёз.
Орадан кўп ўтмай, “Sevimli” телеканали Бош директори вазифасини бажарувчи А.Хўжаев ва бош муҳаррир Қ.Сайдалиев лавозимидан озод этилди. Канал Кузатув кенгаши раиси вазифасини бажарувчи этиб жамоатчилик асосида Фирдавс Абдухолиқов сайланди. Шунингдек, шу пайтга қадар ЎзЭОАВМА бош директори лавозимида ишлаб келаётган Ж.Сафоев канал бош директори вазифасига тайинланган.
20 январь оқшомида “Sevimli” телеканали бош продюсери Амира Рашидова яна ижтимоий тармоқлар орқали баёнот билан чиқиб, Президент Шавкат Мирзиёевнинг тўнғич қизи – Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди Васийлик Кенгаши раиси ўринбосари Саида Мирзиёевадан узр сўради.
Шунингдек, Маданият вазири Озодбек Назарбеков ахлоқсизликни телевидениеда тарғиб қилишни давлатга хиёнат сифатида баҳолади.
Кейинроқ, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги Ўзбекистон Кинематография агентлиги “Sevimli” телеканалига давлат буюртмаларини бериб келгани, шунингдек, субсидиялар ажратишда манфаатлар тўқнашувига йўл қўйилганини маълум қилди.
Орадан бир неча кун ўтиб, Бош прокуратура Фирдавс Абдухолиқовга нисбатан маъмурий иш очгани маълум қилинди. Бироқ маҳкама негадир иш судга оширилиб, кўриш бошлангач, ахборот берилгани кутилмаган бўлди.
LiveБарчаси