Столтенберг Полшадаги воқеа бўйича барча фактларни аниқлашга чақирди
Олам
−
16 Ноябрь 2022
4358НАТО Бош котиби Йенс Столтенберг Россия ракеталарининг Польшада қулаши билан боғлиқ воқеа ҳақидаги барча фактларни аниқлашга чақирди. Бу ҳақда блок раҳбари Twitter’даги саҳифасида ёзган.
Унинг сўзларига кўра, ҳозирда НАТО иттифоқчилари Польшада Украина билан чегарада содир бўлган воқеа юзасидан маслаҳатлашмоқда.
“НАТО вазиятни кузатмоқда ва иттифоқчилар яқиндан маслаҳатлашмоқда. Барча фактлар аниқланиши муҳим”, дейди Столтенберг.
Шимолий Атлантика альянси Бош котиби, шунингдек, ҳодиса оқибатида одамларнинг ҳалок бўлгани муносабати билан Польша Президенти Анжей Дудага ҳамдардлик билдирганини айтди.
Бундан ташқари, НАТО Польшадаги ҳодиса бўйича Шимолий Атлантика кенгашининг элчилар даражасида йиғилишини ўтказади. Бу ҳақда кеча, 15 ноябрь куни кечқурун Брюсселдаги журналистларга альянснинг расмий вакили маълум қилди.
Йиғилиш бугун, 16 ноябрь куни Брюсселда блок бош котиби Йенс Столтенберг раислигида бўлиб ўтади.
Эслатиб ўтамиз, кеча, 15 ноябрь куни тушдан кейин Россия армияси Украинага йирик ракета ҳужуми уюштирган пайтда Польша ҳудудига иккита ракета тушди. Ракеталар Украина билан чегарадан беш километр узоқликда жойлашган Люблин воеводалиги (Польшадаги энг йирик маъмурий бирлик)нинг Пшеводув қишлоғи ҳудудига тушган. Ҳодиса оқибатида портлаш юз берган, икки киши қурбон бўлган.
Россия Федерацияси Президентининг матбуот котиби Дмитрий Песков CNN телеканалига Польшадаги воқеа ҳақида ҳеч қандай маълумотга эга эмаслигини айтди. Россия Мудофаа вазирлиги эса Польша оммавий ахборот воситалари ва расмийларининг Россия ракеталарининг Пшеводув аҳоли пункти ҳудудида қулаши ҳақидаги баёнотларини "вазиятни кескинлаштириш учун атайлаб қилинган провокация" деб атади.
АҚШ Президенти Жо Байденга кўра, дастлабки маълумотлар Польша ҳудудига тушган ракетани Россия учирганини тасдиқламаган.