Столтенберг НАТОга аъзо давлатларни Украина масаласида огоҳлантирди 

Олам

image

НАТО Бош котиби Йенс Столтенберг альянсга аъзо давлатларни Украинани узоқ вақт қўллаб-қувватлашга тайёр бўлишга чақирди. У Испаниянинг “La Vanguardia” газетасига берган интервьюсида шундай баёнот берди. 

“НАТОнинг биринчи вазифаси – Украинага ёрдам бериш. Урушларни башорат қилиб бўлмайди, бу уруш қандай ва қачон тугашини ҳеч ким айта олмайди, лекин биз узоқ муддатга ўз ёрдамимизни сақлаб қолишга тайёр бўлишимиз керак. Гап нафақат янги жиҳозларни етказиб бериш, балки етказиб бериладиган материални яроқли ҳолатда сақлаш ҳақида ҳам бормоқда”, деган Бош котиб. 

Унга кўра, НАТОнинг яна бир вазифаси бу кескинлашувнинг олдини олишдир. 

“Агар бу НАТО ва Россия ўртасидаги урушга айланса, бу бутун Европага кўпроқ вайронагарчилик ва зарар келтиради. Шунинг учун биз кескинлашувга ҳисса қўшмайдиган ёки унга олиб келмайдиган тарзда ҳаракат қилишимиз керак. Биз очиқ айтамизки, НАТО Украинани қўллаб-қувватлайди, лекин у урушда қатнашмаяпти. Россия босқинининг бошидан бери биз муҳим денгиз ва ҳаво кучлари кўмагида альянснинг шарқий қисмидаги қўшинлар сонини 40 минг кишига оширдик. Мақсад урушни қўзғатиш эмас, балки унинг олдини олиш, тинчликни сақлаш ва Москвада НАТОнинг барча иттифоқчиларни ҳимоя қилишга тайёрлиги ҳақида чалкашлик ёки тушунмовчиликка йўл қўймасликдир”, деган Бош котиб. 

Маълумот ўрнида, аввал ҳам Йенс Столтенберг НАТО Украинани қўллаб-қувватлашда давом этишига ишонтирганди. Бироқ альянс Россия билан тўғридан-тўғри можарога йўл қўймаслик учун қўлидан келганча ҳаракат қилиши айтилганди.

Россия-Украина уруши

Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарасида тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.

Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.

24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.

Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.

25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.

Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.

Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.

Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.

Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия-Украина уруши Украинага босқин

Баҳолаганлар

14

Рейтинг

3.2

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг