Столтенберг дунё давлатларини, айниқса Россиянинг қўшниларини хавфдан огоҳлантирди
Олам
−
24 Август 2022
10799НАТО Бош котиби Йенс Столтенберг мамлакатларга мудофаа харажатларини ошириш зарурлигини маълум қилди.
“Собиқ сиёсатчи сифатида мен соғлиқни сақлаш, таълим ва инфратузилмага сармоя киритиш ҳар доим “жозибадорроқ” бўлганини биламан. Бироқ, НАТО давлатлари мудофаа учун кўпроқ маблағ сарфлашлари керак, чунки биз хавфлироқ дунёда яшаяпмиз ва иттифоқ Россиянинг шафқатсиз тажовузига қарши Украинани қўллаб-қувватлашда давом этмоқда. НАТО иттифоқчилари айнан шундай қиляпти”, дейди Бош котиб “Sky News” телеканали орқали.
Унинг сўзларига кўра, НАТО ва унинг иттифоқчилари “можаронинг бир қисми эмас”. Шунга қарамай, альянс, асосан, шарқий қанотда, агар блокнинг ҳар қандай иттифоқчисига ҳужум қилинган тақдирда, Москвага “аниқ сигнал” бериш учун ўзининг ҳарбий иштирокини кучайтирмоқда.
“Аччиқ ҳақиқат шуки, Россия ҳарбий кучлари кучайиб бораётган ва қўшниларига қарши куч ишлатишга тайёр бўлган бир пайтда мудофаа соҳасига кўпроқ сармоя керак”, дейди бош котиб.
Запорожье атом электр станцияси атрофидаги вазиятни шарҳлар экан, Столтенберг минтақадаги вазият Украина учун ҳам, бутун Европа учун ҳам “хавфли” эканини айтди.
Бош котиб Россия кучларининг Запорожье атом электр станцияси яқинидаги ҳаракатларини “ўйламаслик” деб атади ва Россияни ушбу объектни тарк этишга чақирди.
“Россия томони бу ҳудуддан Украина кучларига ҳужум қилиш ва ўққа тутиш учун майдон сифатида фойдаланиш мақсадида ўз кучларини АЭС яқинига бепарволик билан жойлаштирмоқда”, дейди у.
Россия-Украина уруши
Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарадаги тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.
Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.
24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.
Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.
25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.
Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.
Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.
Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.
Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь