Starlink васвасаси: Маск ёки Трамп, кимнинг қўли бор?
Таҳлил
−
21:57 461 6 дақиқа
Starlink Украина учун нафақат интернетга уланиш тизими, балки ҳарбий ва разведка масалалари учун ҳаёт-мамот масаласидир. Классик ҳужум методларидан фарқли ўлароқ, дрон тизимларидан фойдаланиш, ракета ҳужумларини аниқлаш, киберхавфсизлик ва ҳарбий алоқани мунтазам равишда таъминлаш учун Киевга айнан Илон Маск асос солган SpaceX лойиҳасининг паст орбитали сунъий йўлдошлари ниҳоятда муҳимдир.
Аммо, сўнгги вақтларда АҚШ ҳукумати билан гапи-гапига тўғри келмай қолган Украинанинг Starlink билан боғланишларда ҳам муаммоларга учрай бошлаши уруш траекториясига жиддий таъсир эта бошлади. Қизиғи, компания раҳбари Илон Маск барча муаммоларнинг илдизи сифатида Оқ уйни кўрсатмоқда.
Украинага Starlink нега керак?
Ҳамма нарса каби урушлар ҳам мураккаблашиб кетди. Замонавий урушда дрон, ракета ёки артиллериянинг ўзи етарли эмас. Уларни самарали ишлатиш учун разведка маълумотларини тезкор узатиш, ҳарбий бўлинмалар ўртасида алоқа ўрнатиш ва нишонлар ҳақидаги ахборотни реал вақт режимида етказиш керак. Украинада бу вазифаларнинг муҳим қисмини АҚШнинг SpaceX компанияси ишлаб чиққан Starlink сунъий йўлдош интернети бажариб келмоқда. Унинг ҳарбий эҳтиёжларга мослаштирилган Starshield тизими эса ҳимояланган алоқа ва бошқа махсус вазифаларни бажаришга мўлжалланган.

Starlink – Ерга нисбатан паст орбитада ҳаракатланадиган минглаб сунъий йўлдошлар орқали интернет узатадиган тизим. Унинг асосий устунлиги шундаки, алоқа учун анъанавий ер усти инфратузилмасига тўлиқ таяниш шарт эмас. Электр таъминоти мавжуд бўлган ҳудудда махсус терминал орқали интернетга уланиш мумкин. Россия босқини бошланганидан кўп ўтмай, Украина ушбу технологиядан кенг фойдаланишга киришди. Россиянинг киберҳужумлари ва алоқа инфратузилмасига етказган зарари шароитида Starlink ҳарбий бўлинмалар, давлат идоралари ва фуқаролик объектлари учун муҳим алоқа воситасига айланди. АҚШнинг Стратегик ва халқаро тадқиқотлар маркази маълумотига кўра, урушнинг дастлабки йилларида Украинага 50 мингдан ортиқ Starlink терминали етказилган.
Аммо Starlink шунчаки Wi-Fi тарқатувчи қурилма эмас. Масалан, разведка дрони душман позициясини аниқлаши, уни марказга етказиши ва айни пайтда берилган буйруқ доирасида ҳарбий амалиётларни амалга ошириши учун томонлар ўртасида узвий алоқа бўлиши керак. Starlink эса айнан шу маълумот алмашинувини муқобил воситаларга нисбатан тезроқ ва аниқроқ амалга оширади.
“Reuters” нашрининг июль ойидаги хабарида Украина Россия фронти ортидаги таъминот йўллари, ёнилғи омборлари, ҳаво мудофааси объектлари ва қўмондонлик марказларига қарши ўрта масофали дронлар билан зарбаларни кучайтирганини ёзди. Бундай қурилмалар фронт чизиғидан ўнлаб километр узоқликдаги нишонларга етиб бориши мумкин. Starlink эса дронларнинг парвоз давомида оператор билан боғланиб туришига ёрдам беради.
Starlink тармоғи негизида яратилган Starshield эса ундан фарқли вазифаларга эга. Бу SpaceX компаниясининг АҚШ ҳукумати ва ҳарбий тузилмалари эҳтиёжлари учун ишлаб чиқилган йўналиши бўлиб, ҳимояланган алоқа, Ер юзасини кузатиш ва турли сенсорларни сунъий йўлдош тизимларига интеграция қилиш каби имкониятларни назарда тутади.
Ўтган 2022 йилда Илон Маск Украинага Starlink орқали алоқани таъминлашга ёрдам берган бўлса-да, Қрим яқинидаги Россия ҳарбий-денгиз кучларига қарши режалаштирилган операция учун Starshield хизматидан фойдаланиш имконини бермаган. Маск бундай қарор ортида можаронинг янада кескинлашиши ва ядровий эскалация хавфи борлигини билдирган.
Чеклов
Сўнгги кунларда Дональд Трамп Зеленскийга жиддий босим ўтказишни бошлади. Тармоқларда эълон қилинган кескин постлардан ташқари, дизель олди-сотдисини қайта йўлга қўйган АҚШ раҳбари Россиянинг энергетик тузилмаларига ҳужум қилмаслик шартини ҳам қўйди. Бироқ Киев учун энди орқага йўл йўқ, ҳужумлар давом этиши керак эди.
Шу сабабли Трампнинг таҳдидомуз талабларидан сўнг ҳам Украина кучлари Россия нефть-газ тузилмаларига ҳужумларни давом эттирди. Бу эса Вашингтон ва Киев ўртасидаги муносабатларнинг совуқлашишига олиб келди. Оқ уй ҳатто разведка маълумотларини алмашинишни ҳам тўхтатиб қўйди.
Аммо бу ҳали бошланиши эди. 2026 йил 14 октябрда Украина ҳарбийлари айрим дронлар соатига 160 километрдан юқори тезликда ҳаракатланганда алоқани йўқотаётганини маълум қилди. Натижада Россия ҳудудлари ва босиб олинган ерлардаги нишонларга қарши ишлатиладиган дронлар ҳамда Россиянинг тезкор ҳужумкор дронларини тутиб қолувчи қурилмалар фаолияти издан чиқди. Киев учун муаммо шундаки, гап шунчаки интернетнинг секинлашиши ҳақида эмас, балки ҳарбий техниканинг муҳим алоқа каналига кириш имконияти чеклангани ҳақида бормоқда.

Украина расмийлари чекловлар ҳақида олдиндан огоҳлантирилмаганини билдирди. Президент Владимир Зеленскийнинг ҳарбий технологиялар бўйича маслаҳатчиси Сергей Бескрестновнинг айтишича, кутилмаган ўзгариш бир нечта ҳарбий миссиянинг барбод бўлишига олиб келган. У бу ҳодисани шунчаки тасодиф деб қабул қилишга шошилмаслик кераклигини таъкидлади.
“Мен тасдиқлайманки, бугун тунда SpaceX компанияси ҳаракат вақтида Starlink терминаллари иш тезлигига чеклов жорий этди… Маълумки, ушбу ҳаракат тасодиф бўла олмайди ва жорий сиёсий вазият билан боғлиқ”, деб ёзди у ўзининг Telegram каналида.
Зеленский ҳам вазиятдан жиддий хавотир билдирди. Украина президенти буни аниқ тасдиқламаган бўлса-да, АҚШ билан муносабатларда юзага келган вазиятдан норозилигини яширмади. У ҳамкорликдаги муаммони шахсий ҳиссиётлардан кенгроқ масала деб атаб, кучли ҳамкорни йўқотиш хавфига эътибор қаратди. Зеленский, шунингдек, Маск жамоасидан хизматни тўлиқ тиклашни сўради.
“Гап фақат ҳужум ҳақида эмас, бу инсонлар ҳаётини сақлаб қолиш ҳақида ҳамдир. Негаки, ҳужумлар тўлиқ қайтариб қолинмади, бизда разведка маълумотлари йўқ эди, бизда бу маълумотларни олиш мумкин бўлган Starlink’ка уланган дронлар йўқ эди”, деди у.
Илон Маск эса масъулиятни ўз компаниясидан АҚШ ҳукуматига ағдарди. SpaceX раҳбари X ижтимоий тармоғида Starshield тизимининг мақоми ва ундан фойдаланиш шартларини тушунтирди. Унинг баёнотига кўра, тизим АҚШ ҳукуматига тегишли ва унинг назоратида бўлиб, тезлик ёки фойдаланишга қўйиладиган чекловларни Америка ҳарбийлари ва якунда президент белгилайди.
Шунингдек, Маск Starlink SpaceX бошқарувидаги тижорий хизмат эканини, ундан фойдаланиш фуқаролик ёки мудофаа фаолияти билан чекланишини таъкидлади. Starshield билан боғлиқ ҳар қандай чеклов учун ҳукумат ва унинг раҳбари айбдор эканини ёзди.
“Starshield тизимлари АҚШ ҳукуматига тегишли ва улар томонидан назорат қилинади. Тезлик ёки фойдаланиш бўйича ҳар қандай чекловлар АҚШ ҳарбийлари ва охир-оқибат АҚШ президенти томонидан белгиланади”, деди Маск Дональд Трампга ишора қилиб.
Шунингдек, SpaceX раҳбари Украинани доимо қўллаб-қувватлашини билдирган.

“Reuters” агентлигининг 15 октябрдаги хабарида икки америкалик расмийга таяниб, Starshield фаолиятини чеклаш ҳақидаги кўрсатма Оқ уйдан келгани ёзилди. Унга кўра, Мудофаа вазирлиги раҳбариятига Украина ҳарбийлари фойдаланадиган хизматни секинлаштириш кераклиги билдирилган. Бироқ улар бу қарорни Оқ уйнинг айнан қайси вакили қабул қилганини айтмаган.
Шундан келиб чиқиб, айтиш мумкинки, Starshield билан боғлиқ муаммолар қандайдир техник узилиш эмас, балки АҚШнинг Киевга навбатдаги босим ўтказиш воситасидир. АҚШ президенти Россиядан ёнилғи олишни бошлаган экан, Зеленскийнинг Россия энергетик инфратузилмаларига қиладиган ҳужумлари, ўз навбатида, Америка манфаатларига зид ҳаракат деб баҳоланган бўлиши мумкин. Демак, Вашингтон Зеленскийга “гап таъсир қилмагач”, амалий ҳаракатларга ўтган кўринади.
Live
БарчасиЖиззахда 10 ёшли қиз зўрланди
06 Октябрь