Собиқ адлия ходими Маданият вазирига ўринбосар бўлди
Жамият
−
31 Октябрь 2023
8500Авазхон Баҳодирович Тожихонов Маданият вазирининг биринчи ўринбосари этиб тайинланди. Бу ҳақда Адлия вазири матбуот котиби Севара Ўринбоева хабар берди.
Унинг маълум қилишича, 2018 йилдан бери адлия тизимида фаолият юритиб келаётган Авазхон Тожихонов Президент Шавкат Мирзиёевнинг қарори билан Маданият вазирининг биринчи ўринбосари лавозимига тайинланган.
“Тожихонов Адлия вазирлиги хузуридаги “Ахборот-таҳлил мултимедиа маркази”га раҳбарлик даврида жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни янада юксалтириш ҳамда Президент ҳужжатлари ижроси бўйича амалга оширилаётган ишларни кенг жамоатчиликка етказишда ўзининг муносиб ҳиссасини қўшиб келган. Вазирлик жамоаси унинг келгусидаги ишларига ривож тилайди”, дейди Севара Ўринбоева.
Тожихонов 1978 йилда Тошкент шаҳрида туғилган. Маълумоти олий – 2010 йилда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясини тамомлаган.
Эслатиб ўтамиз, Президент жорий йилнинг 26 июль оқшомида Маданият ва туризм вазирлигини Маданият вазирлигига айлантириш бўйича ҳужжатни қабул қилган эди. Шундан сўнг Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармони билан Озодбек Аҳмадович Назарбеков Ўзбекистон Республикаси маданият вазири лавозимига тасдиқланди.
Маълумот учун, Назарбеков номи бир неча бор ўзгарган ушбу вазирликни 2020 йилнинг сентябридан бери бошқариб келмоқда.
LiveБарчаси