Швейцария музликлари шиддат билан эримоқда

Олам

image

Европани қамраб олган кучли иссиқлик тўлқини Швейцария музликларининг одатдагидан анча эрта эришига сабаб бўлди. Олимлар бу ҳолат Алп тоғларида музликлар яна бир йил давомида катта ҳажмда қисқаришидан дарак бераётганини таъкидламоқда. Бу ҳақда “Reuters” хабар берди.

Мутахассислар маълумотига кўра, жорий йилнинг 29 июнь куни Швейцариянинг жанубидаги Рона музлиги “Музликларни йўқотиш куни” деб аталадиган босқичга етган. Бу қиш давомида тўпланган қор қатламининг тўлиқ эриб, музликнинг қадимий муз қатлами эрий бошлайдиган даврни англатади.

Швейцария музликларини кузатиш хизмати раҳбари Маттиас Хусснинг айтишича, бу йил мазкур сана кузатувлар тарихидаги иккинчи энг эрта ҳолат сифатида қайд этилган. Рекорд кўрсаткич 2022 йилда кузатилган бўлиб, ўшанда бу жараён уч кун аввал бошланган.

Хусснинг айтишича, қишда ёғингарчиликнинг кам бўлгани ва ёз бошидаги кетма-кет иссиқлик тўлқинлари музликларнинг тез эришига олиб келган.

“Бу жуда хавотирли вазият. Музликлар ҳали ёзнинг ўртасига ҳам етмай туриб жиддий йўқотишларга учрамоқда”, дейди у.

Мутахассиснинг ҳисоб-китобларига кўра, июнь ойидаги иссиқ кунларда Швейцария музликларидан эриган сув ҳажми икки ҳафта давомида ҳар олти сонияда битта Олимпия стандартидаги сузиш ҳавзасини тўлдиришга етган.

Шунингдек, Рона музлигидаги кузатув нуқталаридан бирида икки ҳафталик жазирама даврида қарийб 1,5 метр муз қатлами эриб кетгани қайд этилган. Музликларга тез-тез ташриф буюрадиган сайёҳлар ҳам ўзгаришлар яққол сезилаётганини айтмоқда. Сўнгги 50 йилдан бери ўша ерга борадиган сайёҳ Гарри Блок музликнинг кескин қисқариши уни ларзага солганини билдирган.

“Мен йиғлаяпман. Бир вақтлар улкан бўлган музлик кўз ўнгимизда йўқолиб бормоқда. Бу иқлим ўзгаришининг яққол исботи”, дейди германиялик сайёҳ.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ер музликлари хавотирли суръатларда қисқариб бораётгани ҳақида хабар қилинганди.

Мумтозбегим Абдумўминова


Мақола муаллифи

avatar

.

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг