Қуръон таҳқири. Дунё исломофобияга нима деяпти?
Олам
−
21 Июль 2023
10437Кеча, 20 июль куни Швеция пойтахти Стокгольмда Қуръон яна таҳқирланди. Шундан сўнг, кўплаб давлатлар ва халқаро ташкилотлар бу ҳолатни қоралаб чиқди.
Гап шундаки, кеча, 20 июль куни Стокгольм полициясининг рухсати билан Ироқ элчихонаси яқинида акция бўлиб ўтган. Унда 37 ёшли ироқлик муҳожир Сальван Момика мусулмонларнинг муқаддас китоби Қуръон нусхасини тепган ва кроссовкасини Ироқ миллий байроғи ҳамда таниқли давлат арбобларининг суратлари билан артган.
Стокгольмда ушбу тадбирни ўтказиш режалаштирилаётгани, унда Ироқ байроғи ва Қуръонни ёқиб юбормоқчи бўлишгани ҳақидаги хабарлар тарқалиши билан, Ироқ шиаларининг вакили Муқтада Садр Швециянинг Бағдоддаги элчихонаси олдида норозилик намойишлари ўтказишга чақирган. Шундан сўнг, Бағдодда намойишчилар Швеция элчихонаси биносига бостириб кириб, уни ёқиб юборган.
Бу орада Ироқ ҳукумати Швециянинг Бағдоддаги элчисини чиқариб юбориш ва республиканинг Стокгольмдаги муваққат ишлар вакилини чақириб олишга қарор қилган.
Бу воқеалар халқаро ҳамжамият эътиборидан четда қолмади. Хусусан, Саудия Арабистони Швеция расмийларини бутун дунё бўйлаб миллионлаб мусулмонларга қарши провокацион ҳаракатлар такрорланишига йўл қўйгани учун қоралаб, масъулиятсизликда айблади. Шунингдек, мамлакат Ташқи ишлар вазирлиги Қуръонни таҳқирлаш ҳаракати юзасидан Швеция расмийларига нота юборилишини маълум қилди.
“Барча диний қадриятларни ва халқаро ҳуқуқни бузувчи шармандали хатти-ҳаракатларни тўхтатиш учун зарур чораларни кўриш муҳим”, дейилган вазирлик баёнотида.
Бошқа томондан, АҚШ маъмурияти ўз эътиборини Швециянинг Бағдоддаги элчихонаси олдида рўй берган намойишларга қаратган. Давлат департаменти матбуот котиби Мэтью Миллер бу бўйича баёнот бериб, Ироқ хавфсизлик кучлари томонидан Швеция элчихонасига намойишчиларнинг кириб келишини олдини олиш учун етарли чоралар кўрилмаганини айтган ва Вашингтон буни номақбул деб ҳисоблашини билдирган.
"Қўшма Штатлар 20 июль куни эрта тонгда Бағдоддаги Швеция элчихонасига уюштирилган ҳужумни кескин қоралайди. Тинч йиғилишлар эркинлиги демократиянинг муҳим хусусияти, аммо кеча содир бўлган воқеа зўравонлик эди. Ироқ хавфсизлик кучлари намойишчиларнинг кириб келишини тўхтатиш учун чора кўрмагани қабул қилиниши мумкин эмас. Биз швед ҳамкорларимиз билан алоқага чиқиб, уларни қўллаб-қувватлашимизни билдирдик. Бошқа мамлакатлардаги дипломатик миссиялар зўравонликка дучор бўлмаслиги керак. Биз Ироқ ҳукуматини халқаро ҳуқуқ талабларига кўра, мамлакатдаги барча дипломатик ваколатхоналарни босқин ва зарарлардан ҳимоя қилиш бўйича ўз мажбуриятларини бажаришга чақирамиз", дейди Мэтью Миллер.
Туркия эса Стокгольмда Қуръон таҳқирланишини қоралаган. Расмий Анқара Швециядан ўзининг халқаро мажбуриятлари, хусусан, БМТ, Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилоти ҳамда Европа Кенгашидаги вазифалари доирасида Ислом динига ва миллиардлаб диндорларга қарши нафрат жиноятларининг олдини олиш бўйича чоралар кўришидан умидворлигини билдирган.
Ўз навбатида, Ироқ қароргоҳи Жиддада жойлашган Ислом ҳамкорлик ташкилотидан Стокгольмда Қуръон таҳқирлангани муносабати билан фавқулодда йиғилиш ўтказишни сўраган. Мамлакат Ташқи ишлар вазири Фуад Ҳусайн Ироқнинг Жиддадаги доимий вакилига Қуръонни қайта-қайта таҳқирлаш ҳолатларини муҳокама қилиш учун Ислом ҳамкорлик ташкилотининг фавқулодда йиғилишини ўтказиш тўғрисида мурожаат юборган.
Бундан ташқари, Ироқ ТИВ раҳбари Араб давлатлари лигасига мусулмонларнинг муқаддас китоби ёқиб юборилиши билан боғлиқ “воқеа ривожи бўйича ҳужжат” жўнатиш ҳақида кўрсатма берган.
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби Антониу Гутерриш эса Нью-Йоркда Ислом ҳамкорлик ташкилоти элчилари гуруҳи билан учрашувда исломофобия ҳаракатларини қоралаб, мусулмон жамоатчилиги билан бирдам эканини маълум қилди.
Шунингдек, Гутерриш БМТ Инсон ҳуқуқлари кенгашининг "камситиш, душманлик ва зўравонликка олиб келадиган динга қарши нафратга қарши курашиш" резолюциясини амалга ошириш учун ҳаракат қилишини айтган. Бош котиб муросасизлик, зўравонлик ва исломофобия хатти-ҳаракатларини қоралаб, бу қарама-қаршиликни кучайтириб, дискриминация ва радикаллашувни қўзғатишини таъкидлаган.
Эслатиб ўтамиз, бундай ҳолат олдин ҳам рўй берганди. Ўшанда ҳам Сальван Момика Стокгольмнинг марказий майдонларидан бирида Қуръон китобини ёқиб юборганди. Бунга нисбатан бир қатор давлатлар ва халқаро ташкилотлар, жумладан, Туркия, Ироқ, АҚШ, Европа Иттифоқи ва Ислом ҳамкорлик ташкилоти ўз норозилигини билдирганди. Бундан ташқари, Россия Президенти Владимир Путин, Рим папаси Франциск ва Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ҳам Қуръоннинг ёқилишини қоралаган.