Қуръон ёқиб юборилиши ортидан Ислом ҳамкорлик ташкилоти йиғилиш ўтказади
Олам
−
01 Июль 2023
15996Жорий йилнинг 2 июль куни Ислом ҳамкорлик ташкилоти (ИҲТ) Жидда шаҳрида Стокгольмда Қуръон ёндирилишини қоралаш мақсадида навбатдан ташқари йиғилиш ўтказади. Бу ҳақда ТRТ телеканали хабар берди.
“ИҲТ якшанба куни навбатдан ташқари йиғилиш ўтказади. Унда Швецияда Қуръонга қарши ҳаракатлар муносабати билан ташкилотнинг умумий позициясини билдириш режалаштирилган. Йиғилиш Жидда шаҳрида бўлиб ўтади. Қўшма декларация қабул қилиниши кутилмоқда”, дейилади телеканал хабарида.
Туркия ҳукумати Қурбон ҳайити куни Стокгольм марказида содир бўлган ёнғинни кескин қоралаб чиққанди. Анқара НАТОга аъзо бўлишга интилаётган Швецияни мусулмонларни ҳақорат қилиш билан боғлиқ ноқонуний ҳолатлар ва провокацияларга чек қўйишга чақирди.
Маълумот учун, 2022 йил 28 июнь куни Мадридда НАТО саммити бошланишидан олдин Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған, Финляндия Президенти Саули Ниинистё, Швециянинг ўша пайтдаги Бош вазири Магдалена Андерссон ва НАТО Бош котиби Йенс Столтенберг ўртасида музокаралар бўлиб ўтганди. Шу пайтда меморандум имзоланган. Бу ҳужжат Стокгольм ва Хельсинкига НАТОга қўшилиш имконини берди. 31 март куни Туркия парламенти Финляндиянинг НАТОга кириши ҳақидаги протоколни тасдиқлаши ортидан мамлакат 4 апрелда альянсга аъзо бўлганди. Шу билан бирга у Стокгольмдан терроризмга қарши кураш бўйича Мадрид меморандумининг барча бандларини бажаришини талаб қилиб, Швециянинг НАТОга кириши ҳақидаги протоколни маъқулламаган.
Эслатиб ўтамиз, Стокгольм марказидаги акция жорий йилнинг 28 июнь куни Медборъярплацен майдонида Швеция полициясининг рухсати билан ўтказилди. Ироқдан келган 37 ёшли муҳожир Сальван Момика Қуръон саҳифаларини йиртиб ташлаб, уни ёқиб юборганди. Шу куни бутун дунё мусулмонларининг асосий диний байрамларидан бири – Қурбон ҳайитини нишонлади. 29 июнь куни бир гуруҳ ироқликлар мусулмонлар учун муқаддас китоб – Қуръоннинг ёқиб юборилишига қарши норозилик билдириб, Бағдоддаги Швеция элчихонасига бостириб кирганди.
Шунингдек, Швеция Бош вазири Улф Кристерссон кеча, 30 июнь куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида Стокгольмда Қуръон ёқиб юборилиши муносабати билан Швециянинг Бағдоддаги элчихонасига бостириб кирилиши ортидан тинчланишга чақирганди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь