Эрдўған Қуръон ёқилгани учун Стокгольмни огоҳлантирди
Олам
−
29 Июнь 2023
23590Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған Швециядаги Исломга қарши провокацияни кескин қоралади. Бу ҳақда мамлакатнинг бош ахборот агентлиги “Анадолу” хабар берди.
Бугун, 29 июнь куни Туркиянинг ҳукмрон “Адолат ва тараққиёт” партияси мансабдор шахсларига мурожаат қилди. Давлат раҳбарининг айтишича, Анқаранинг Стокгольмда юз берган воқеага муносабати ниҳоятда қаттиқ бўлади ва бу йўналиш Ғарб исломофобия ва терроризмнинг кўринишларига қарши курашда қатъийлик кўрсата бошлагунга қадар давом этади.
Туркия раҳбарининг таъкидлашича, сўз эркинлиги ниқоби остида исломга қарши жирканч ҳаракатларга рухсат берувчи ёки исломофобия кўринишларини эътиборсиз қолдирадиган тузилмалар ўз мақсадларига эриша олмайди.
“Мусулмон эътиқодларини ҳақорат қилиш сўз эркинлигига алоқаси йўқ. Эртами-кечми биз Ғарбдаги муайян доираларни бу ҳақиқатни тан олишга мажбур қиламиз!”, дейди давлат раҳбари.
Эрдўған Туркия уни қўзғатмоқчи бўлган кучларга ҳеч қачон таслим бўлмаслигига ёки Анқарага нисбатан таҳдидлар тилини ишлатмаслигига ишонтирди.
Эслатиб ўтамиз, кеча, 28 июнь куни Швеция пойтахти Стокгольм марказидаги Медборъярплатсен майдонида яна муқадддас Қуръони карим таҳқирланди. Намойишда ироқлик 37 ёшли муҳожир Салван Момика муқаддас китобни ёқиб юборди.
У араб тилида нутқ қилиб, мусулмонларнинг муқаддас китобидан варақларни йиртиб, ўт қўйди. Акция содир бўлган жойда Швеция ва халқаро ОАВ вакиллари, шунингдек, 200 га яқин томошабин бўлган. Полиция ташкилотчига тош отмоқчи бўлган эркакни қўлга олди.
Намойишдан олдин Момика ТТ телеканалига берган интервьюсида таржимон ёрдамида “Қуръонни ёқиб юборамиз, Швецияни уйғот, деймиз. Бу демократия, бизга рухсат йўқ дейишса, бу хавфли”, деб бақирган.