Қуръонга ҳурматсизлик – жиноят ва бунга йўл қўймаймиз – Путин
Олам
−
29 Июнь 2023
17419Россия Қуръонни ва мусулмонларнинг диний туйғуларини чуқур ҳурмат қилади, Россия Федерациясида ушбу муқаддас китобга ҳурматсизлик жиноят ҳисобланади. Бу ҳақда Россия раҳбари Владимир Путин кеча, 28 июнь куни Доғистоннинг Денбант шаҳридаги қадимий жума масжидига ташрифи чоғида айтиб ўтган.
“У мусулмонлар учун муқаддас, қолганлар учун ҳам муқаддас. Биз биламизки, бошқа мамлакатларда улар бошқача йўл тутишади – улар одамларнинг диний туйғуларини ҳурмат қилмайдилар ва ҳали ҳам бу жиноят эмаслигини айтишади”, дейди давлат раҳбари.
Худди шу масжидда Путинга Қуръони Карим совға қилинган. Президент китобни бағрига босганча суҳбатда давом этган.
“Мамлакатимизда бу жиноят – ҳам Конституцияга, ҳам Россия Федерацияси Жиноят кодексининг 282-моддасига мувофиқ. Бу жиноят – ҳурматсизлик ва динлараро адоватни қўзғатиш. Биз ҳар доим ушбу қонунчилик қоидаларига риоя қиламиз”, дейди Путин.
Россия раҳбари насронийлар ва мусулмонларнинг биродарлари сифатидаги ўзаро ҳурмат ва муносабат Россия халқининг бирлигини мустаҳкамлашини таъкидлаган.
“Худога шукур, сиздек уламолар туфайли мамлакатда динлараро, конфессиялараро осойишталик мустаҳкам”, дейди Путин Дербент Жума масжиди раиси Сайидяхё Саидовга.
Путин, шунингдек, барча Россия мусулмонларни Қурбон ҳайити билан табриклаган.
“Ҳаммаси яхши бўлади. Бугун барча мусулмонлар ушбу байрамни нишонламоқда, шунинг учун, албатта, бу ерда масжидда бўлган ҳолда, сизларни ва барча Россия мусулмонларини ушбу улуғ байрам билан табриклайман ва сизга яхшилик тилайман”, деган Путин.
Эслатиб ўтамиз, кеча, 28 июнь куни Швеция пойтахти Стокгольм марказидаги Медборъярплатсен майдонида яна муқадддас Қуръони карим таҳқирланди. Намойишда ироқлик 37 ёшли муҳожир Салван Момика муқаддас китобни ёқиб юборди.
У араб тилида нутқ қилиб, мусулмонларнинг муқаддас китобидан варақларни йиртиб, ўт қўйди. Акция содир бўлган жойда Швеция ва халқаро ОАВ вакиллари, шунингдек, 200 га яқин томошабин бўлган. Полиция ташкилотчига тош отмоқчи бўлган эркакни қўлга олди.
Намойишдан олдин Момика ТТ телеканалига берган интервьюсида таржимон ёрдамида “Қуръонни ёқиб юборамиз, Швецияни уйғот, деймиз. Бу демократия, бизга рухсат йўқ дейишса, бу хавфли”, деб бақирган.