Шубҳали ғойиб бўлган Ли Шанфунинг ўрнига янги вазир тайинланди
Олам
−
29 Декабрь 2023
7513Хитойнинг Халқ озодлик армияси денгиз флоти бош қўмондони адмирал Дун Цзюнь мамлакатнинг янги Мудофаа вазири этиб тайинланди. Бу ҳақда Хитойнинг “Синьхуа” ахборот агентлиги хабар берди.
Мазкур тайинлов ҳақидаги қарор Бутунхитой халқ вакиллари кенгаши доимий қўмитаси йиғилишида қабул қилинган.
"29 декабрь куни тушдан кейин Пекиндаги Халқ мажлислар залида 14-Бутунхитой халқ вакиллари кенгаши Доимий қўмитасининг еттинчи йиғилиши якунланди. Овоз беришдан сўнг Дун Цзюнни Мудофаа вазири этиб тайинлаш тўғрисида қарор қабул қилди", дейилади хабарда.
Маълумот учун, Дун Цзюнь 2017-2021 йилларда Хитой Халқ Озодлик Армияси жанубий театри жанговар қўмондонлиги қўмондони ўринбосари, 2021-йилдан буён эса Хитой Халқ Озодлик Армияси Ҳарбий-денгиз кучлари бош қўмондони лавозимида ишлаган.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 24 октябрь куни Бутунхитой халқ вакиллари кенгашининг доимий қўмитаси (парламентнинг доимий органи) Хитойнинг олдинги Мудофаа вазири Ли Шанфуни ўз лавозимидан четлаштиришга қарор қилганди. Бу вақтга келиб, генерал деярли икки ой давомида жамоат жойларида кўриниш бермаган: охирги марта собиқ мудофаа вазири 29 август куни Пекинда тинчлик ва хавфсизлик бўйича 3-Хитой-Африка форумида нутқ сўзлаганида омма олдига чиққан.
Хитойнинг олдинги Ташқи ишлар вазири Цинь Ган ҳам қарийб бир ойдан давомида йўқолиб қолганидан сўнг, вазифасидан озод қилинганди. Унинг ўрнига Хитой Коммунистик партияси марказий қўмитаси ташқи ишлар комиссияси девонхонаси раҳбари Ван И янги вазир этиб тайинланган. Декабрь ойида “Politico” нашри юқори мартабали хитойлик амалдорларга таяниб, Цинь Ган қийноқлардан сўнг Пекин ҳарбий шифохонасида вафот этгани ёки ўз жонига қасд қилганини хабар қилганди.