Қочоқ Президент Сингапурдан сиёсий бошпана сўрамоқчи

Олам

image

Шри-Ланка Президентлигидан кетишни режалаштираётган Готабая Ражапакса Сингапурга кўчиб ўтади ва ушбу мамлакатдан сиёсий бошпана олади. Бу ҳақда Ҳиндистоннинг “Republic TV” телеканали хабар бермоқда. 

Президент бугун, 13 июль куни мамлакатни оиласи билан ҳарбий самолётда тарк этиб, Мальдив оролларига кетган эди. У энди Сингапур томон йўлга чиқишга отланмоқда. 

“Reuters”нинг Мальдив Ҳукуматидаги манбага таяниб хабар беришича, Президент Сингапурга келганидан сўнг, парламент спикери Маҳинда Япа Абеиварденега истеъфога чиқиш тўғрисида расмий хат юборади. 

Айни вақтда Ражапакса рафиқаси билан Мальдив пойтахти Мале шаҳрида бўлиб турибди. Шри-Ланка ҳаво кучлари унинг Мальдив оролларига ҳарбий самолётда етиб келганини тасдиқлаган. 

Эслатиб ўтамиз, бироз аввал Готабая Ражапаксанинг мамлакатдан қочиши фонида сиёсий партиялар етакчилари Бош вазир Ранил Викрамасингхени истеъфога чақиришга қарор қилганди. Президент мамлакатда бўлмаганида, Конституцияга мувофиқ, давлат раҳбарининг вазифалари Бош вазир Викрамасингхе зиммасига юкланган. 

Шри-Ланкадаги вазият

Шри-Ланкада бир неча ойдан бери нархларнинг кўтарилиши, озиқ-овқат ва ёқилғи етишмаслиги сабаб норозилик намойишлари ўтказилаётганди. Кундалик товарлар кескин қимматлашиб, инфляция даражаси 50 фоиздан кўтарилиб кетганди.

Шунингдек, мамлакатда валюта захиралари деярли тугагани сабабли бошқа давлатлардан товар сотиб олиш учун етарли маблағ қолмаганди. Электр тармоғидаги узилишлар ҳам одатий ҳолга айланиб қолган. Дори-дармон етишмаслиги соғлиқни сақлаш тизимини инқироз ёқасига олиб келган.

Қолаверса, автобус, поезд ва тиббий транспорт каби муҳим хизматлар учун ёқилғи етишмовчилиги жиддий тус олган. Мактаблар ёпилган ва одамлардан ресурсларни тежашга ёрдам бериш учун уйдан ишлашлари сўралган.

Шри-Ланка май ойида ўзига керакли товарларни хориждан харид қила олмагани билан бирга, тарихида биринчи марта ташқи қарзи бўйича тўловни амалга ошира олмай, банкротликка учради.

Маълумотларга кўра, ҳозирда ҳукуматининг 51 миллиард доллардан ортиқ ташқи қарзи бор, унинг 6,5 миллиард доллари Хитойга тўғри келади ва икки давлат қарзни қандай қайтариш бўйича музокаралар олиб бормоқда. G7 давлатлари Шри-Ланканинг қарз тўловларини камайтиришга уринишларини қўллаб-қувватлашини айтган.

Шри-Ланка ҳукумати, шунингдек, Халқаро валюта жамғармаси билан 3 миллиард доллар ажратиш борасида музокаралар олиб бормоқда.

Жаҳон банки Шри-Ланкага 600 миллион доллар қарз беришга рози бўлган. Бундан ташқари, Ҳиндистон қўшнисига камида 1,9 миллиард доллар кредит таклиф қилган.


Мақола муаллифи

Теглар

Шри-Ланка Готабая Ражапакса

Баҳолаганлар

101

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг