Шри-Ланкадаги партиялар етакчилари Бош вазирнинг ҳам “тагига сув қуймоқчи”

Олам

image

Шри-Ланкадаги сиёсий партиялар етакчилари парламент спикери Маҳинда Япа Абеивардена раислигида ўтказилган фавқулодда йиғилишда Бош вазир Ранил Викрамасингхени Президент Готабай Ражапаксанинг ваколати тугагунига қадар истеъфога чақиришга келишиб олди. Бу ҳақда бугун, 13 июль куни йиғилиш якунлари бўйича Шри-Ланка парламенти депутати Матиапаранан Сумантиран маълум қилди. 

“Партия етакчилари Президент истеъфоси олдидан Ранил Викрамасингхени истеъфога чақиришга қарор қилишди”, дея депутатнинг сўзларидан иқтибос келтирган “Newsfirst”. 

Олдинроқ истеъфога чиқишни режалаштирган Ражапакса парламент спикерига 13 июль куни истеъфога чиқиши тўғрисида мактуб юборишини маълум қилганди. У мамлакатда бўлмаганида, Конституцияга мувофиқ, давлат раҳбарининг вазифалари Бош вазир Викрамасингхе зиммасига юкланган. 

Ражапакса бугун ҳарбий самолётда Шри-Ланкадан қочиб кетди ва айни вақтда Мальдив оролларида қолмоқда.

Шри-Ланкадаги вазият

Шри-Ланкада бир неча ойдан бери нархларнинг кўтарилиши, озиқ-овқат ва ёқилғи етишмаслиги сабаб норозилик намойишлари ўтказилаётганди. Кундалик товарлар кескин қимматлашиб, инфляция даражаси 50 фоиздан кўтарилиб кетганди.

Шунингдек, мамлакатда валюта захиралари деярли тугагани сабабли бошқа давлатлардан товар сотиб олиш учун етарли маблағ қолмаганди. Электр тармоғидаги узилишлар ҳам одатий ҳолга айланиб қолган. Дори-дармон етишмаслиги соғлиқни сақлаш тизимини инқироз ёқасига олиб келган.

Қолаверса, автобус, поезд ва тиббий транспорт каби муҳим хизматлар учун ёқилғи етишмовчилиги жиддий тус олган. Мактаблар ёпилган ва одамлардан ресурсларни тежашга ёрдам бериш учун уйдан ишлашлари сўралган.

Шри-Ланка май ойида ўзига керакли товарларни хориждан харид қила олмагани билан бирга, тарихида биринчи марта ташқи қарзи бўйича тўловни амалга ошира олмай, банкротликка учради.

Маълумотларга кўра, ҳозирда ҳукуматининг 51 миллиард доллардан ортиқ ташқи қарзи бор, унинг 6,5 миллиард доллари Хитойга тўғри келади ва икки давлат қарзни қандай қайтариш бўйича музокаралар олиб бормоқда. G7 давлатлари Шри-Ланканинг қарз тўловларини камайтиришга уринишларини қўллаб-қувватлашини айтган.

Шри-Ланка ҳукумати, шунингдек, Халқаро валюта жамғармаси билан 3 миллиард доллар ажратиш борасида музокаралар олиб бормоқда.

Жаҳон банки Шри-Ланкага 600 миллион доллар қарз беришга рози бўлган. Бундан ташқари, Ҳиндистон қўшнисига камида 1,9 миллиард доллар кредит таклиф қилган.

 

 


Мақола муаллифи

Теглар

Шри-Ланка

Баҳолаганлар

23

Рейтинг

2.8

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг