Шойгу Шимолий Кореядан қурол сотиб олишни режалаштиряпти – Блинкен
Олам
−
29 Июль 2023
7803Россия Мудофаа вазири Сергей Шойгу Шимолий Кореяга ташрифи чоғида ушбу мамлакатдан қурол сотиб олишни мақсад қилган. Бу ҳақда АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен бугун, 29 июль куни Австралияга ташрифи чоғида гапирди.
Қайд этилишича, Вашингтонда Шойгу Шимолий Кореяга Россия учун қурол сотиб олишга борганига ишонилади. Блинкеннинг айтишича, у Шойгу ушбу мамлакатга “шунчаки дам олиш учун” сафар қилганига ишонмайди.
“Биз Россия Украинага тажовузини давом эттириши учун қўллаб-қувватловга, қурол-яроғга, қаердан топса ҳам, жуда муҳтож эканини кўриб турибмиз”, дейди у. Блинкеннинг таъкидлашича, бу ерда гап нафақат Шимолий Корея ҳақида, балки Россияга Украинанинг фуқаролик инфратузилмасини йўқ қилиш учун дронлар етказиб берган Эрон ҳақида ҳам кетмоқда.
Маълумот учун, Сергей Шойгу жорий йилнинг 26 июль куни Корея уруши тугаганининг 70 йиллигини нишонлаш учун Пхеньянга ташриф буюрди. Ташрифи давомида у Шимолий Корея етакчиси Ким Чен Ин билан ҳам учрашди. Улар биргаликда қурол-яроғ кўргазмасини томоша қилди. Шимолий Корея матбуотида ҳатто, Шойгу ушбу мамлакат армиясини “дунёда энг кучлиси” деб атагани ҳақидаги хабарлар ҳам пайдо бўлди.