Шойгу 3 ҳафтада биринчи марта Украинадаги урушга изоҳ берди

Олам 30225
image

Россия ҳарбийлари Украинадаги "махсус операция" доирасида ДХР ва ЛХРни "озод қилиш" режасини изчил амалга оширмоқда. Бу ҳақда Россия Федерацияси Мудофаа вазири Сергей Шойгу бугун, 19 апрель куни ҳарбий идора коллегиясида сўзлаган нутқида айтиб ўтди.

Шу билан бирга, Россия Мудофаа вазирлиги раҳбари Ғарб давлатларини Украинадаги жанговар ҳаракатларни имкон қадар узайтиришни хоҳлаётгани учун қоралади.

“АҚШ ва унинг назорати остидаги Ғарб давлатлари махсус ҳарбий операцияни имкон қадар чўзиш учун ҳамма ишни қилмоқда. Хорижий қурол-яроғ етказиб бериш ҳажмининг ортиб бораётгани уларнинг Киев режимини “охирги украиналикгача” курашишга ундаш ниятини яққол кўрсатиб турибди”, дея вазирнинг сўзларидан иқтибос келтирган ТАСС.

Сергей Шойгунинг ҳарбий ҳайъатдаги чиқиши вазирнинг уч ҳафта ичида биринчи марта омма олдида кўриниши  бўлди. У охирги марта 29 март куни “ҳарбий операция” бориши ҳақида фикр билдирган. Ва бундан олдин у 11 мартдан бери оммага кўринмаганди. Оммавий ахборот воситаларида вазирнинг бетоблиги ҳақида тахминлар пайдо бўлганди.

Россия-Украина уруши

Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарасида тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.

Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.

24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.

Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.

25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.

Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.

Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.

Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.

Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 94
Рейтинг: 3.1
t
×