Кеча, 6 январь куни “Милан” Италия А серияси 20-тури доирасида “Рома”ни қабул қилди ва 3:1 ҳисобидаги ишончли ғалабани қўлга киритди.
Биринчи бўлимда миланликлар икки бор рақиб дарвозасини ишғол қилишди. 8-дақиқада Оливье Жиру пенальтидан ҳисобни очган бўлса, 17-дақиқага келиб, Жуниор Мессиас рақиб ҳимоячиларининг қўпол хатосидан сўнг, орадаги фарқни иккитага оширди. 45-дақиқада эса “Рома” битта гол уришга муваффақ бўлди. Ушбу вазиятда Тэмми Абрахам ҳисобни қисқартирди.
Учрашувнинг иккинчи таймида “россонерилар” футболчиси Рафаэль Леау учрашувга якуний нуқтани ўрнатди. Унга қадар эса бир неча марта дарвоза тўсини голга тўсқинлик қилган эди. “Рома” эса бор-йўғи икки марта рақиб дарвозаси томон хавфли ҳужум уюштирди.