Шольц ва Макрон Парижда учрашди
Олам
−
15:12
1127Кеча, 22 январь куни Германия канцлери Олаф Шольц ва Франция Президенти Эммануэль Макрон Европа манфаатлари учун Франция пойтахти Париж шаҳрида учрашув ўтказди. Бу ҳақда “Bloomberg” хабар берди.
Маълум қилинишича, учрашув доирасида Германия ва Франция етакчилари Трампнинг Оқ уйга қайтиши фонида Европанинг рақобатбардошлиги, фаровонлиги ва хавфсизлигини яхшилашга ҳаракат қилиш зарурлиги ҳақида суҳбатлашган.
“Трамп билан ҳамкорлик қилиш қийин бўлади, бироқ Европа эгилиб, яширинмайди, балки конструктив ва ўзига ишонган ҳамкор бўлади”, деган Шольц.
Канцлернинг сўзларига кўра, у европалик ҳамкорлари билан биргаликда Трамп Оқ уйга қайтганидан кейин қабул қилган қарорларни “диққат билан таҳлил қилиш” ниятида.
“Эҳтиёткорлик билан айтганда, доимий ўзгарувчан дунёда Европа кучли ва бардошли бўлиши керак”, деган Германия ҳукумати раҳбари.
Шунингдек, Шольц Европанинг 450 миллионга яқин аҳолиси бўлган йирик иқтисодий ҳудуд эканини таъкидлаган.
“Биз кучлимиз. Биз бирлашганмиз”, дея қўшимча қилган у.
Ўз навбатида, Макрон Германия ва Франция “трансатлантик ҳамкорликни мустаҳкам ушлаб турадиган, лекин ўз манфаатларини қандай ҳимоя қилишни ҳам биладиган” кучли ва суверен Европани бирлаштириш учун ҳаракат қилишлари кераклигини таъкидлаган .
“Европаликлар эътиборини демократияни мустаҳкамлаш, иқтисодий ва ижтимоий моделини сақлаб қолиш учун рақобатбардошлик, фаровонлик ва хавфсизликни оширишга қаратиши керак”, деган Макрон.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 8 январь куни Германия ва Франция АҚШнинг Президенти Гренландияни ҳарбий йўл билан босиб олиш имкониятини истисно қилмаганидан кейин Дональд Трампни “суверен чегаралар”га таҳдидлардан огоҳлантирганди. Германия канцлери Олаф Шольцнинг айтишича, чегаралар дахлсизлиги тамойили шарқда ёки ғарбда жойлашганидан қатъи назар, ҳар бир давлатга тегишли. Бу тамойил кичик давлатми ёки жуда қудратли бўлишидан қатъи назар ҳар бир давлат томонидан ҳурмат қилиниши керак.