Шавкат Мирзиёев халқчил Конституцияни яратишда шошмасликка чақирди

Жамият

image

Мукаммал, халқчил, халқнинг дардига кафолат бўладиган Конституцияни яратиш учун шошилмаслик керак. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев кеча, 6 октябрь куни Сирдарё вилояти фаоллари билан учрашувда шундай таклиф билдирди.

“Адолатли жамият [қуриш] бўйича Конституцияга ўзгартиришлар, референдумга тайёргарлик кўряпмиз. 1 августгача Конституциямизга ўзгартириш киритиш бўйича аҳолидан 150 мингта таклиф тушди, тасаввур қилинглар. Одамларимиз эртанги кунга бефарқ эмаслигидан далолат бу. Муаллимлар, олимлар, тадбиркорлар, ветеранлар, нуронийлар ва ҳ.к. Ҳамма ўз йўналиши бўйича қандай раҳбарият бўлишидан қатъи назар мени қонун, Конституция ҳимоя қилсин, деяпти”, дея одамларнинг хоҳиши нима эканини айтган Президент

Шавкат Мирзиёевнинг сўзларига кўра, 1 августдан кейин муҳокама тугаган бўлса ҳам комиссия ишини давом эттиряпти ва яна 2,5 мингта таклиф тушган.

“Мукаммал, халқчил, халқнинг дардига кафолат бўладиган Конституцияни яратиш учун, мен таклифим, шошилмаслик керак. Халқ “бу менинг Конституциям”, деб қабул қилиши учун керак бўлса яна бир марта одамлар билан маслаҳатлашамиз. Нега десангиз, 150 мингта таклифга одамларга тўғри, нотўғри, буни қабул қиламиз, буни қабул қилмаймиз, деб жавоб бериш керак. Шунда “мени ҳам эшитадиган замон келибди”, деган фикр бўлади”, дейди Шавкат Мирзиёев.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 24 июнь куни “Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Конституциявий қонун лойиҳаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари томонидан биринчи ўқишда қабул қилинди. Қонунчилик палатасида шунингдек, қонун лойиҳасини умумхалқ муҳокамасига қўйиш юзасидан тегишли қарор қабул қилинди. 

Бундан ташқари, ўтказилган умумхалқ муҳокамаси натижасига кўра, тайёрланган “Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий қонуни лойиҳаси Ўзбекистон Республикаси референдумига қўйилиши маълумот учун қабул қилинган.

Бироқ июль ойи бошида Қорақалпоғистонда юз берган намойишлар сабаб Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш бўйича Конституциявий қонун лойиҳасининг муҳокамаси тугаш муддати – 5 июлдан 15 июлгача узайтирилилди.

Кейинроқ Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг жорий йил 15 июль куни ўтказилган мажлисида “Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Конституциявий қонун лойиҳаси умумхалқ муҳокамасининг муддатини 2022 йил 1 августгача узайтириш ҳақида қарор қабул қилинган эди. 1 август куни умумхалқ муҳокамаси якунланди.


Мақола муаллифи

Теглар

Конституция

Баҳолаганлар

42

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг