Шавкат Мирзиёев Қозоғистондаги воқеаларга муносабат билдирди
Жамият
−
13 Январь 2022
12563Айни вақтда ўтаётган Хавфсизлик кенгашининг кенгайтирилган йиғилишида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Қозоғистонда рўй берган воқеаларга муносабат билдирди:
"Сўнгги кунларда биз учун яқин қўшни ва қардош бўлган Қозоғистон Республикасида содир бўлган воқеалар ҳаммамизни жиддий ташвишга солди.
Биз минг йиллар давомида қозоқ халқи билан яқин қўшни бўлиб, биргаликда ёнма-ён яшаб келганмиз. Бизни умумий тарих, урф-одат ва маданият боғлаб туради. Келажагимиз ҳам ўзаро чамбарчас боғлиқдир.
Шу кунларда мен Қозоғистон Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев билан бир неча бор телефон орқали мулоқот қилдим. Ўзбекистон халқи номидан бутун Қозоғистон эли ва раҳбарига барқарорлик ҳамда фаровонликни таъминлаш борасидаги барча саъй-ҳаракатларини қатъий қўллаб-қувватлашимизни билдирдим.
Фурсатдан фойдаланиб, ушбу воқеаларда қурбон бўлганларнинг оила аъзолари ва барча яқинларига яна бир бор чуқур таъзия ва ҳамдардлик изҳор қиламан. Жабрланган инсонлар ҳам тез орада соғайиб кетишига тилакдошман.
Яратганга шукрки, қўшни мамлакатдаги вазият аста-секин ўз изига тушиб бормоқда, давлат тузилмалари ва ижтимоий муассасалар ўз фаолиятини қайта тикламоқда, одамлар осойишта ҳаётга қайтмоқда.
Ўз ўтмишида кўплаб мураккаб синовларни бошидан кечирган донишманд қозоқ халқи бу оғир кунларни ҳам тез орада мардона енгиб ўтишига ҳамда янада якдил ва ҳамжиҳат бўлишига ишонаман", дейди давлат раҳбари.
Қозоғистонда намойишлар
Қозоғистонда норозилик акциялари янги йилнинг илк кунларидан бошланди. Жанаозен шаҳрида автомобиль эгалари суюлтирилган газ нархи 120 тенгега (қарийб 3 минг сўм) кўтарилганидан норози бўлиб, оммавий митингга чиқди. Тобора оловланган намойишлар ортидан Ҳукумат комиссияси Ақтау шаҳридаги “Ынтымак” майдонида намойишчилар билан учрашган. Учрашув давомида суюлтирилган газ нархини пасайтириш ва Манғистау вилоятида газ нархини литри учун 50 тенге этиб белгилаш тўғрисида қарор қабул қилинган.
Музокара давомида томонлар барча юзага келаётган муаммоларни конструктив мулоқотнинг асосий оқимида ва амалдаги қонунчилик доирасида ҳал қилишга келишиб олган.
5 январь куни, шунингдек, Қозоғистоннинг амалдаги Ҳукумати истеъфо берди. Президент Қосим-Жомарт Тўқаев Ҳукумат истеъфосини қабул қилди. Шунингдек, Қозоғистоннинг Биринчи Президенти - Элбоши Нурсултон Назарбоев Қозоғистон Хавфсизлик кенгаши раиси лавозимидан кетди. Унинг ўрнини Президент Тўқаев эгаллади.
Бу орада ижтимоий тармоқларда Назарбоев ва унинг оиласи мамлакатни тарк этгани, жияни Самат Абиш ҳибсга олингани ҳақида хабарлар тарқалди. Бироқ буларнинг ҳеч бири исботини топмади. Шундан сўнг, Элбошининг Матбуот котиби Айдос Укибай Назарбоев мамлакат пойтахтида бўлиб турганини маълум қилди.
Шунингдек, Миллий хавфсизлик қўмитаси раиси Карим Масимов лавозимидан озод этилди. Унинг ўрнини Ермек Сагимбаев эгаллади.
Қозоғистонда бутун мамлакат бўйлаб 19 январгача фавқулодда ҳолат жорий этилди. Шунингдек, шу кунларда соат 23:00 дан 07:00 гача комендантлик соати амалда бўлади.
Президент Республика Сакен Исабековни давлат қўриқлаш хизмати раҳбари этиб тайинлаш тўғрисидаги фармонни имзолади.
Тўқаев мамлакатдаги норозилик вазиятига Ҳукумат, хусусан, Энергетика вазирлиги, шунингдек, “Казмунайгаз” ва “Казакгаз” компанияларини айблади.
Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти (ОДКБ) мамлакатга чекланган муддатга тинчликпарвар кучларни киритиш тўғрисида қарор қабул қилди.
LiveБарчаси