Сеулда терговчилар президентни ҳибсга олиш учун унинг қароргоҳига борди (видео)

Олам

image

Бугун, 3 январь куни Жанубий Корея терговчилари мамлакат тарихида биринчи марта президент Юн Сок Ёль қароргоҳига уни ҳибсга олиш мақсадида етиб борди. Бу ҳақда “Yonhap” хабар берди.

Маълум қилинишича, полиция ва Олий мансабдор шахсларни тергов қилиш бошқармаси (CIO)дан 20 га яқин одам давлат раҳбари қароргоҳига киришга муваффақ бўлган, бироқ президент ҳали ҳибсга олинмаган.

Демократик партия Юнни қўрқоқлик қилиб яширинган уйидан чиқиб, ҳибсга олиш ҳақидаги ордерни камтарлик билан қабул қилишга чақирган.

“Корея Республикасининг барча фуқаролари қонун ва тартибни ҳурмат қилиши керак”, дейилади хабарда.

Шунингдек, президент адвокати ҳибсга олиш ордери “ноқонуний ва ҳақиқий эмас” деб баёнот берган. Адвокат бу қарорга қарши қонуний чоралар кўришга ваъда берган.

Қайд этилишича, Сеул мудофаа қўмондонлигидан бўлган ҳарбий хизматчилар воқеа жойига етиб келган ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларига қаршилик кўрсатган.

Қолаверса, Президент хавфсизлик хизмати ҳам терговчилар билан ҳамкорлик қилишдан бош тортган.

Эслатиб ўтамиз, ўтган йилнинг 3 декабрь куни кечқурун Юн Сок Ёль ҳарбий ҳолат эълон қилган эди. Аммо бу ҳолат тахминан олти соатдан кейин бекор қилинди. Шундан сўнг, жорий йилнинг 14 декабрь куни Юн Сок Ёлга нисбатан импичмент эълон қилинди. Оқибатда унинг ваколатлари тўхтатилди.

Бирлашган тергов гуруҳи 14 декабрь куни парламентда импичмент эълон қилинганидан кейин ваколатлари тўхтатилган Жанубий Корея президенти Юн Сок Ёлни ҳибсга олишга ордер бериш учун Сеул судига мурожаат қилганди. Шундан сўнг, Жанубий Корея суди терговчиларнинг илтимосини қаноатлантириб, мамлакатнинг ҳокимиятдан четлатилган президенти Юн Сок Ёлни ҳибсга олишга ордер берганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Жанубий Корея Сеул

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг