Полиция Жанубий Корея президентини ҳибсга олиш учун судга мурожаат қилди

Олам

image

Бирлашган тергов гуруҳи 14 декабрь куни парламентда импичмент эълон қилинганидан кейин ваколатлари тўхтатилган Жанубий Корея президенти Юн Сок Ёлни ҳибсга олишга ордер бериш учун Сеул судига мурожаат қилди. Бу ҳақда Коррупцияга қарши кураш департаментига таяниб, “Yonhap” хабар берди.

Қайд этилишича, ариза бугун, 30 декабрь куни топширилган. Қўшма тергов гуруҳи таркибида Юн Сок Ёль билан боғлиқ ишни ўрганаётган бошқарма, полиция ва Мудофаа вазирлиги вакиллари бор. Жанубий Корея қонунчилиги амалдаги президентни фитна ёки давлатга хиёнат учун жиноий жавобгарликка тортишга рухсат беради.

Маълумот учун, кеча, 29 декабрь куни Юн Сок Ёль учинчи бор юқори мартабали мансабдор шахсларнинг Коррупцияга қарши тергов бошқармасида давлат тўнтариши бўйича чақирувга жавоб бермади. Ҳуқуқий амалиётга кўра, учинчи чақирув охиргиси ҳисобланади ва унинг ортидан ҳибсга олиш учун судга мурожаат қилинади.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 3 декабрь куни кечқурун Юн Сок Ёль ҳарбий ҳолат эълон қилган эди. Аммо бу ҳолат тахминан олти соатдан кейин бекор қилинди. Шундан сўнг, жорий йилнинг 14 декабрь куни Юн Сок Ёлга нисбатан импичмент эълон қилинди. Оқибатда унинг ваколатлари тўхтатилди. Энди Конституциявий суд депутатларнинг қарорини тасдиқлаши ёки президентни лавозимига қайтариш бўйича қарор қабул қилиши лозим.


Мақола муаллифи

Теглар

Жанубий Корея Юн Сок Ёль

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг