Сенат ялпи мажлиси Қорақалпоғистондаги воқеалар билан бошланди
Жамият
−
08 Июль 2022
9268Қорақалпоғистондаги каби ҳодисаларга йўл қўйилмаслиги учун биринчи навбатда Парламент масъул. У ўз ишини танқидий тарзда қайта кўриб чиқиши керак. Бу ҳақда Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Норбоева бугун, 8 июль куни очилган Сенатнинг навбатдаги ялпи мажлиси аввалида айтиб ўтди.
"Қорақалпоғистонда айрим ноҳуш ходисалар содир бўлганидан ҳам барчангизнинг хабарингиз бор. Айрим кучларнинг қанчалик харакат қилишига қарамасдан бўлиб ўтган бу ҳодисалар ҳеч қачон халқимизнинг бирдамлигига раҳна сола олмаслигига гувоҳи бўлдик.
Шу билан бирга ушбу ҳодисларадан ҳаммамиз ўзимизга тўғри хулоса чиқаришимиз ва ўз ишимизни қайта кўриб чиқишимиз лозим бўлади. Куни кеча давлатимиз раҳбари ҳам бу масалага алоҳида эътибор қаратди.
Аввало бу воқеалар барча масалалар халқ билан ҳамнафас тарзда ва ўз вақтида ечилишига барча давлат органлари, идораларининг кучи ҳамда ресурларини жалб қилиш зарурлигини кўрсатмоқда”, дейди Сенат раиси.
Унинг сўзларига, аҳоли томонидан кўтарилаётган муаммо ва масаланинг катта ва кичиги бўлмайди. Уларнинг ҳар бирининг ечими муҳимдир.
“Ҳар қандай кичик деб қаралган масала ўз ечимини топмаган тақдирда, албатта, бир куни катта муаммога айланади”, дейди Норбоева.
У Қорақалпоғистондаги воқеаларда қурбон бўлганларнинг оила аъзолари ва яқинларига ўзи ва сенаторлар номидан ҳамдардлик билдирди. Шифохоналарда даволанаётган фуқарорларга эса тезроқ соғайиб кетишларини тилади.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 1-2 июль куни Қорақалпоғистон Республикаси Нукус шаҳрида айрим фуқаролар Ўзбекистон Республикасида амалга оширилаётган конституциявий ислоҳотларни нотўғри талқин қилиб, кутилмаганда намойишлар уюштирди.
Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ҳолатни Нукусда давлат бошқаруви органларини эгаллашга уриниш деб баҳолади.
Шундан сўнг, 2 июль куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Қорақалпоғистонга етиб борди ва қорақалпоқ халқи билан мулоқот қилди.
Шунингдек, Президент Конституцияга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш муҳокамаси ҳали давом этаётганини инобатга олиб ҳамда Қорақалпоғистон аҳолиси билдираётган фикр ва мулоҳазаларни ўрганган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 70, 71, 72, 74, 75-моддаларини амалдаги таҳрирда ўзгаришсиз қолдириш зарурлигини маълум қилди.
4 июль куни Ўзбекистон Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Конституциядаги Қорақалпоғистонга оид моддалар ўзгартирилмаслиги ҳақида қарор қабул қилди.
Содир бўлган воқеаларда 516 киши қўлга олинди, 243 киши жароҳатланди, 18 киши қурбон бўлди. Ҳолат бўйича Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 159-моддаси (Ўзбекистон Республикасининг конституциявий тузумига тажовуз қилиш) 4-қисми – “Ҳокимиятни босиб олиш ёки Ўзбекистон Республикаси конституциявий тузумини ағдариб ташлаш мақсадида фитна уюштириш” билан жиноят иши қўзғатилди.
LiveБарчаси