Саудиядаги музокараларга Эрдўған ҳам қўшилди
Олам
−
14 Май 12035 3 дақиқа
Бугун, 14 май куни Саудия Арабистонининг Ар-Риёд шаҳрида Туркия, АҚШ, Саудия Арабистони ва Сурия етакчилари иштирокида онлайн форматдаги тўрт томонлама мулоқот ташкил этилди. Бу ҳақда “Анадолу” хабар берди.
Маълум қилинишича, Ар-Риёдда учрашган АҚШ Президенти Дональд Трамп, Саудия Арабистони валиаҳд шаҳзодаси Муҳаммад бин Салмон Ол Сауд ва Сурия муваққат президенти Аҳмад аш-Шара (Абу Муҳаммад ал-Жўлоний) Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған билан телефон орқали мулоқот қилган.
Эрдўған Анқара Суриянинг барқарор, фаровон ва минтақадаги давлатлар билан ҳамкорлик қилувчи давлатга айланишини исташини айтган. У Сурия қўшнилари учун таҳдид бўлмаслиги кераклигини таъкидлаган.
Эрдўған, шунингдек, Туркия Дамашқ маъмуриятини ИШИД каби террористик ташкилотларга қарши курашда қўллаб-қувватлашда давом этишини билдирган. У, агар зарурат туғилса, Сурия ҳудудида террорчилар сақланаётган қамоқхоналарнинг хавфсизлигини таъминлашда ҳам ёрдам беришга тайёрлигини айтган.
Учрашувда АҚШ Президенти Дональд Трампнинг Сурияга қарши санкцияларни бекор қилиш қарори “тарихий аҳамиятга эга” экани таъкидланган. Эрдўғаннинг фикрича, бу қарор бошқа давлатлар учун ҳам намуна бўлиши мумкин ва Сурияда инвестиция имкониятларини очади.
Қолаверса, Эрдўған Ғазо секторидаги оғирлашаётган гуманитар вазиятга ҳам эътибор қаратган. У Туркия минтақадаги зўравонликни тўхтатиш учун ҳаракатларни давом эттираётганини ва Ғазодаги инсоний фожиа дарҳол тугатилиши лозимлигини таъкидлаган.
У, шунингдек, Россия-Украина уруши доирасида ўт очишни тўхтатиш ва тинчлик бўйича музокараларни кечиктирмасдан техник даражада бошлаш фойдали бўлишини қайд этган.
“Туркия тинчликка эришиш йўлида барча имкониятларини ишга солишда давом этади”, деган Эрдўған.
Маълумот учун, АҚШ Президенти Дональд Трамп Туркия етакчиси Ражаб Тойиб Эрдўғанга мурожаат қилиб, Украинадаги можарода воситачилик қилишни сўраган эди. Трампга кўра, Туркия раҳбарининг Россия билан ҳам, Украина билан ҳам алоқаси жуда яхши ва у воситачилик ролини амалга ошира олади. Қолаверса, 10 май куни Украина Президенти Владимир Зеленский ва Киевга борган европалик сиёсатчилар тинчлик саъй-ҳаракатлари бўйича АҚШ Президенти Дональд Трамп билан телефон мулоқот қилган эди. Мулоқотда Зеленский 12 май кунидан бошлаб Украина 30 кунга ўт очишни тўхтатишга тайёрлигини билдирган эди. 11 майга ўтар кечаси эса Россия Президенти Владимир Путин Украинага ҳеч қандай шартларсиз Истанбулда тўғридан тўғри музокара ўтказишни таклиф қилганди. Украина Президенти Владимир Зеленский эса 15 май куни Истанбулда Россия Президенти Владимир Путин билан тўғридан тўғри музокаралар ўтказишга тайёрлигини маълум қилган.
Эслатиб ўтамиз, 2024 йил декабрда Сурияда ҳокимиятни эгаллаган Аҳмад аш-Шара жорий йилнинг 29 январь куни мамлакатнинг ўтиш давридаги президенти деб эълон қилинганди. 2 февраль куни у Саудия Арабистонига илк хорижий ташрифини амалга оширди. Мазкур ташриф доирасида у Ар-Риёдда Саудия Арабистони валиаҳд шаҳзодаси ва Бош вазири Муҳаммад бин Салмон Ол Сауд билан учрашди. 3 февраль куни у Макка шаҳрида Умра зиёратини амалга оширди. Унга Каъба эшиклари ҳам очиб берилди. Аш-Шаранинг 2-хорижий сафари Туркияга бўлди. Аш-Шара музокаралар чоғида ҳукм сурган ижобий атмосфера учун Эрдўғанга миннатдорлик билдириб, Туркия Президентини энг қисқа вақт ичида Сурияга ташриф буюришга таклиф қилди. Қолаверса, аш-Шара 11 апрель куни ҳам Туркиянинг Анталия шаҳрида Анталия дипломатия форуми доирасида (ADF 2025) Президент Ражаб Тойиб Эрдўған билан учрашган эди.
7 май куни Суриянинг янги муваққат раҳбари ўзининг биринчи Европа ташрифини Франциядан бошлади ва мамлакат Президенти Эммануэль Макрон билан икки мамлакат ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлашга қаратилган учрашув ўтказди.