Самарқанд Ўзбекистондаги илк яшил шаҳарга айланади
Жамият
−
17 Май 2023
9393Самарқанд Европа тикланиш ва тараққиёт банкининг (ЕТТБ) Яшил шаҳарлар тизимига қўшилган Ўзбекистондаги биринчи шаҳар бўлди. Бу ҳақда Самарқандда бўлиб ўтаётган Бошқарувчилар кенгашининг 32-йиллик йиғилишида маълум қилинди.
“Ўзбекистоннинг йирик Самарқанд муниципалитетида истиқомат қилувчи қарийб 560 минг киши электроавтобуслар харид қилиниши ва Европа тикланиш ва тараққиёт банки (ЙТТБ) томонидан молиялаштирилган электрон автобус депоси қурилиши эвазига экологик тоза жамоат транспортидан фойдаланиш имкониятига эга бўлади. Самарқанд ҳам банкнинг “Яшил шаҳарлар” дастурига қўшилган Ўзбекистондаги биринчи шаҳардир”, деган ЕТТБ.
Айтилишича, ЕТТБ бунинг учун ушбу шаҳарга 49 миллион доллар кредит беради ва бу узоқ муддатли суверен кредит янги автопаркдан фойдаланиш учун масъул бўлган “СамарқандЙўловчиТранс” давлат корхонасига ажратилган. Маблағлар 100 тагача ўрта ўлчамдаги (10,5 метр) электр автобусларини, зарядлаш блоклари билан бир қаторда, зарур инфратузилмани, жумладан, электрон автобус депоси, электр нимстанцияси, маъмурий биноларни, эксплуатацион ва техник хизмат кўрсатиш иншоотлари учун сарфланиши кутилмоқда.
“Бу “Самарқанд яшил шаҳар” ҳаракат режаси (ГCАП) доирасидаги биринчи лойиҳа бўлиб, муниципалитетга барқарор ривожланиш истиқболлари ва стратегик мақсадларини, шунингдек, устувор экологик муаммоларни ҳал қилиш учун зарур бўлган ҳаракатлар ва инвестицияларни белгилашга ёрдам берувчи муҳим воситадир. ЕТТБ ва шаҳар томонидан биргаликда ишлаб чиқилган ГCАП шовқин ва ҳаво ифлосланишини, шу жумладан корбанат ангидрид ва бошқа зарарли чиқиндиларни камайтиришга ёрдам беради. Бунда маҳаллий ҳамжамиятнинг фикр ва ғоялари ҳам инобатга олинади”, дея лойиҳа мазмунини изоҳлаган банк.
“Самарқанд яшил шаҳар” ҳаракат режасининг ишга туширилиши ва экологик тоза шаҳар транспортининг жорий этилиши Самарқанд шаҳри учун жуда муҳим. Унинг чегаралари кенгайиши ҳисобига яқин йилларда аҳоли сони икки баравар кўпиши мумкин. Лекин шаҳар оммабоп сайёҳлик маскани бўлгани учун унинг тор кўчалари ва ЮНЕСКО томонидан қўриқланадиган тарихий ҳудудлари атрофида оғир транспортнинг ҳаракатланиши кўплаб муаммоларни юзага келтирмоқда. Бу эса замонавий транспорт ечимларини талаб қилади.
Мазкур лойиҳа Барқарор инфратузилма жамғармаси ва Япония ҳукумати томонидан Япония-ЕТТБ ҳамкорлик жамғармаси орқали техник ҳамкорлик гранти ҳисобидан қўллаб-қувватланади.
Маълумот учун, бугунги кунга қадар ЕТТБ Ўзбекистон бўйлаб 129 та лойиҳага 4 миллиард евродан ортиқ сармоя киритган.