Саидовга юборилган сўров ортидан ТИВ воизи муносабат билдирди
Жамият
−
15 Апрель
11491Аввалроқ, Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидовга хориждаги ўзбекистонликлар бўйича парламент сўрови юборилгани ҳақида хабар берилганди. Мазкур хабар ортидан вазирлик матбуот котиби Аҳрор Бурҳонов муносабат эълон қилди.
Бурҳоновга кўра, Ташқи ишлар вазирлиги хориждаги Ўзбекистон фуқароларини, улар қаерда бўлишидан қатъи назар, доимо ҳимоя қилиб келган ва бу фаолияти устувор бўлиб қолади.
Унинг қайд этишича, мазкур йўналишда Ўзбекистоннинг дипломатик ваколатхоналари ва консуллик муассасалари хорижий давлатларнинг тегишли идоралари билан бевосита алоқалар ўрнатган.
“Ҳар бир ҳолат атрофлича ўрганилиб, фуқароларимизнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш мақсадида зарур чоралар кўрилади. Ташқи ишлар вазирлиги ҳар ойлик брифинглари орқали амалга оширилаётган ишлар юзасидан жамоатчиликни мунтазам хабардор қилиб келмоқда”, дейилади хабарда.
Бурҳоновнинг қўшимча қилишича, ушбу соҳадаги барча мурожаат ва сўровларга вазирлик томонидан ўз вақтида жавоблар тақдим этилади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россиянинг Москва шаҳридаги “Бодрость” номли ҳаммомда Россия махсус мақсадли мобил блоки (ОМОН) мигрантларга қарши рейд ўтказганди. Оммавий ахборот воситаларида тарқалаётган хабарларга кўра, мазкур ҳаммомга Ўзбекистон ва Қирғизистондан мигрантлар кўп ташриф буюрган ва айни ҳолатда ҳам калтакланганлар орасида Ўзбекистон фуқаролари бўлиши мумкин. Ушбу ҳолат бўйича Қирғизистон томони Россия Федерациясининг мамлакатдаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Сергей Вакунов билан учрашув ўтказганди ва учрашув давомида куч ишлатиш асоссиз бўлган тақдирда, ушбу ҳодиса бўйича Москва шаҳри ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари вакилларига нисбатан тегишли чоралар кўриш сўралганди ва расмий нота топширилганди. Аммо ушбу ҳолатга Ўзбекистон ТИВ аниқ маълумот ёки муносабат билдирмади.
LiveБарчаси