Қирғизистон Россиядан ҳаммомда калтакланган мигрантлар юзасидан изоҳ талаб қилди (видео)
Олам
−
14 Апрель
10183Бугун, 14 апрель куни Қирғизистон Республикаси Ташқи ишлар вазири ўринбосари Алмаз Имангазиев Москвадаги ҳаммомда фуқаролар таҳқирлангани юзасидан Россия Федерациясининг мамлакатдаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Сергей Вакунов билан учрашув ўтказди. Бу ҳақда Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлиги хабар берди.
Ушбу ҳолат 11 апрель куни Москва шаҳридаги “Бодрость” ҳаммом мажмуасида содир бўлган. Видеода кўриш мумкинки, хизмат либосида бўлган бир гуруҳ ходимлар ҳаммомда дам олаётган кўплаб одамларни ярим-яланғоч ҳолатда ерга ётқизиб калтаклаган.
Вазирлик томонидан воқеа бўйича ўрганиш олиб бориб, куч ишлатиш асоссиз бўлган тақдирда, ушбу ҳодиса бўйича Москва шаҳри ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари вакилларига нисбатан тегишли чоралар кўриш сўралган ва расмий нота топширилган.
Шунингдек, учрашувда Қирғизистон фуқароларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва бундан буён Қирғизистон-Россия иттифоқчилик ва стратегик шериклик муносабатларига путур етказиши мумкин бўлган бундай вазиятга йўл қўймаслик бўйича чоралар кўриш сўралган.
Маълумот учун, оммавий ахборот воситаларида тарқалаётган хабарларга кўра, мазкур ҳаммомга Ўзбекистон ва Қирғизистондан мигрантлар кўп ташриф буюрган ва айни ҳолатда ҳам калтакланганлар орасида Ўзбекистон фуқаролари бўлиши мумкин.
LiveБарчаси