Марко Рубионинг Ўзбекистонга ташрифи якунланди (видео)
Жамият
−
13:56 2032 1 дақиқа
АҚШ Давлат котиби Марко Рубионинг Ўзбекистонга ташрифи якунланди. Бу ҳақда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов ўзининг Telegram-каналида ёзиб қолдирди.
Унинг билдиришича, АҚШ Давлат котиби Марко Рубионнинг мамлакатга ташрифи мазмунли ва самарали бўлган.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев билан бўлиб ўтган музокаралар, “C5+1” вазирлар учрашуви, Кенгайтирилган стратегик шериклик мулоқотининг биринчи йиғилиши ҳамда Ўзбекистон–Америка ишбилармонлик ва инвестициялар кенгашининг иккинчи йиғилиши икки томонлама ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш учун муҳим замин яратган.

“Ташриф давомида эришилган келишувлар ва белгиланган устувор йўналишлар Ўзбекистон–АҚШ стратегик шериклигини аниқ амалий натижалар билан бойитишга хизмат қилади. Уларни амалга ошириш йўлида биргаликдаги саъй-ҳаракатларимизни изчил давом эттиришга келишиб олдик”, дейди Бахтиёр Саидов.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 18 октябрь куни АҚШ Давлат котиби Марко Рубио Самарқандга келганди. Кеча, 19 октябрь куни у “C5+1” форматида вазирлар йиғилишида иштирок этди, шунингдек, Марказий Осиё давлатлари раҳбарлари билан учрашувлар ўтказди. Жумладан, Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов ҳам Рубио билан учрашди. Якунда Ўзбекистон ва АҚШ ўртасида турли соҳалар бўйича 12 млрд долларлик 54 та шартномалар пакети имзоланди.
Live
БарчасиРубионинг Ўзбекистонга ташрифи якунланди
16 Октябрь