Россияда мигрантлар дам олаётган ҳаммомни ОМОН “босди”
Олам
−
12 Апрель
10450Россиянинг Москва шаҳридаги “Бодрость” номли ҳаммомда Россия махсус мақсадли мобил блоки (ОМОН) мигрантларга қарши рейд ўтказди. Бу ҳақда “Реадовка” хабар берди.
Қайд этилишича, ижтимоий тармоқларда кўплаб мигрантларнинг ноқонуний равишда ҳаммомни эгаллаб олиб, бошқа ташриф буюрувчиларга фойдаланишга тўсқинлик қилгани ҳақида хабарлар тарқалган. Маҳаллий аҳоли вакиллари мигрантлар рус миллатига мансуб кишиларга нисбатан салбий муносабатда бўлганидан шикоят қилган. Шундан сўнг вазиятга ҳуқуқ-тартибот идоралари аралашган. “Реадовка” манбасининг маълумотига кўра, тахминан 40 нафар ноқонуний мигрант ҳибсга олинган. Улар куч ишлатар ходимлар томонидан ерга юзтубан ётқизилиб, кейинроқ олиб кетилган.
Манбага кўра, бир нечта мигрантларга нисбатан Россия Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг “мамлакатга кириш ва унда бўлиш қоидаларини бузиш” моддаси бўйича иш қўзғатилган. Мигрантларнинг норасмий раҳбари эса ҳозирда текширув остида бўлиб, унга нисбатан Жиноят кодексининг “ноқонуний миграцияни ташкил этиш” моддаси бўйича жиноят иши очилиши мумкин.
Оммавий ахборот воситаларида тарқалаётган хабарларга кўра, мазкур ҳаммомга Ўзбекистон ва Қирғизистондан мигрантлар кўп ташриф буюрган.
Видео муаллифлари лавҳани тармоққа “Бу ерга кўплаб қирғизлар келади”, деган изоҳ билан жойлаштиришган. Facebook фойдаланувчиси Миржан Балибаев ўз саҳифасида бу воқеага муносабат билдирган.
“Одамлар ҳаммомга шунчаки дам олиш учун келган эди. Аммо буғ ва тинчлик ўрнига ОМОН рейди, бақир-чақир, ҳаммани ҳайвонлардек ерга ётқизиш. Кўпчиликнинг баданида катта кўкарган жойлар, калтак излари бор. Бу текширув эмас, бу қийноқ”, дея изоҳлаган у.
Ҳозирча Москвадаги ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан ушбу рейд юзасидан расмий баёнот берилмади. Ҳаммом маъмурияти ҳам ҳолатга изоҳ бермаган.
Эслатиб ўтамиз, февраль ойида Россия Ички ишлар вазирининг биринчи ўринбосари, генерал-полковник Александр Горовой “Комсомолская правда” радиосига берган интервьюсида Россияда 670 минг киши ноқонуний равишда яшаётганини айтган эди. Горовойнинг сўзларига кўра, ноқонуний мигрантларнинг ярмидан кўпи аёллар ва болалар ҳисобланади. 2024 йил 30 декабрдан жорий йил 30 апрелгача ноқонуний мигрантлар ушбу масалани ҳал қилиш учун тегишли идораларга мурожаат қилишлари мумкин.
LiveБарчаси