Рус ҳарбийлари Лисичанскга кирди. 3 та завод Россия назоратига ўтди 

Олам

image

Иттифоқчи кучлар Лисичанскга етиб келишди. Уч кун ичида улар Лисичанск нефтни қайта ишлаш заводини, "Матросская" кони ва желатин заводи устидан назорат ўрнатишди. Бу ҳақда Россия Мудофаа вазирлиги расмий вакили, генерал-лейтенант Игорь Конашенков маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, Россия Қуролли Кучлари Лисичанск ҳудудида муваффақиятли ҳужумни давом эттирмоқда. 

"Охирги уч кун ичида Лисичанск нефтни қайта ишлаш заводи, "Матросская" кони, желатин заводи ва Тополевка аҳоли пункти назорат остига олинди. Иттифоқчи кучлар тўғридан-тўғри Лисичанскка йўл олди", дейди Конашенков.

Эслатиб ўтамиз, кеча, 30 июнь куни Украина Қуролли Кучларининг Лисичанск ва унинг атрофида жойлашган бўлинмалари чекинишни бошлаганди. 

Бундан икки кун олдин кечқурун “Луганск Халқ Республикаси”нинг Россия Федерациясидаги элчиси Родион Мирошник шаҳарнинг қарийб 50 фоизи республика кучлари ва Россия Қуролли кучлари назорати остида эканлиги ҳақида таъкидланган эди.

Россия-Украина уруши

Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарасида тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.

Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.

24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.

Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.

25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.

Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.

Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.

Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.

Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия-Украина уруши Украинага босқин

Баҳолаганлар

18

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг