Руминия парламенти ҳукуматни истеъфога чиқарди
Олам
−
05 Май 486 2 дақиқа
Бугун, 5 май куни Руминияда мамлакат парламенти Бош вазир Илие Боложан ҳукуматига нисбатан ишончсизлик вотумини қабул қилди. Оқибатда марказ-ўнг кучлар раҳбарлигидаги ҳукумат расман қулади. Бу ҳақда “Politico” хабар қилди.
Қайд этилишича, овоз бериш олдидан ўтган кескин муҳокамаларда Боложан бу қарорни кескин танқид қилган. У ишончсизлик вотумини асоссиз ва сунъий деб атаб, инқирозлар шароитида ҳукуматларни алмаштириш эмас, балки мустаҳкамлаш зарурлигини таъкидлаган.
Ҳукуматнинг ағдарилишида марказ-сўл Социал-демократик партия (PSD) ҳал қилувчи роль ўйнаган. Ушбу партия ўтган ойда қаттиқ тежамкорлик сиёсатига норозилик билдириб, Миллий либерал партия бошчилигидаги ҳукуматдан чиққан. Шундан сўнг улар ўнгчи Руминия бирлиги альянси билан бирлашиб, Бош вазирни лавозимдан четлатишга киришган.
Боложан 2025 йилдан бери ҳокимиятда эди. У аввалги Бош вазир Марчел Чолаку истеъфосидан кейин лавозимга келган. Унинг ҳукуматдан кетиши мамлакатдаги сиёсий барқарорликка яна бир зарба бўлди. Бу воқеа Руминиядаги кескин ўтган президент сайловларидан бир йил ҳам ўтмай содир бўлди. Ушбу сайловларда ҳозирги Президент Никушор Дан ўнг қанот сиёсатчи Жорже Симионни мағлуб этган эди.
Кузатувчилар фикрича, айнан Симион Боложан ҳукуматнинг ағдарилиши ортидаги асосий сиёсий фигуралардан бири ҳисобланади. Унинг партияси жамоатчилик орасида тобора оммалашиб бормоқда ва ҳозирги беқарорлик бу тенденцияни янада кучайтириши мумкин.
Боложаннинг истеъфоси Руминия тарихида алоҳида ўрин тутади. У 1989 йилги Руминия инқилобидан кейин ишончсизлик вотуми орқали лавозимидан четлатилган еттинчи бош вазирга айланди.
Ойбек Рустамов
Live
Барчаси