Афсуски, Ўзбекистонда рус тилига устувор аҳамият берилмаяпти – россиялик сиёсий эксперт
Олам
−
05 Октябрь 2023
7875Россиянинг Ўзбекистонга ахборот таъсири камайиб бормоқда. Бу ҳақда Россия Фанлар академиясининг Е.М.Примаков номидаги Жаҳон иқтисодиёти ва халқаро муносабатлар миллий тадқиқот институти катта илмий ходими, Марказий Осиё бўйича мутахассис Станислав Притчин ОАВга берган интервьюсида сўз очди.
Суҳбатда ундан Ўзбекистонда рус тилининг бугунги аҳволи ва бугунги ўзбеклар рус телеканалларини қанчалик томоша қилаётгани ҳақида сўралган.
“Россия телевидениеси ҳақида ҳеч нарса дея олмайман. Бу ҳақиқатан ҳам менинг мавзуим эмас. Аммо Россиянинг Ўзбекистонга ахборот таъсири камайиб бораётгани ҳақиқат бўлиб қолмоқда. Дастлаб ягона ахборот ва тил маконига эга бўлганимизга қарамай, бугун Тошкент ўз траекторияси бўйлаб ҳаракатланмоқда. Ўзбек тилининг лотинлашуви 1990-йилларда содир бўлган. Бу аҳолининг рус тилини билиш даражасига таъсир қилди”, дейди у ушбу саволга жавобан.
Унинг ўз таҳлилларига таяниб айтишича, пойтахт Тошкент ва йирик шаҳарларда рус тили кексалар ўртасида ҳамон муҳим мулоқот тили бўлиб қолмоқда.
“Аммо вилоятлардаги ёшлар ва аҳоли уни ўрганишни устувор вазифа деб билмайди. Қорақалпоғистон ёки Фарғона водийсидаги ёшлар ва катталар билан мулоқотда бўлган тажрибамдан шуни айтишим мумкинки, у ердагилар ҳар доим ҳам рус тилида гаплашавермайди.
Буни меҳнат муҳожирларида ҳам кўрамиз. Бизга асосан Ўзбекистон вилоятларидан [мигрантлар] келади ва уларнинг рус тилини билмаслиги имкониятларига тўсиқ бўлади. Баъзида ўзбек меҳнат муҳожирлари қирғизларникига нисбатан рақобатбардош эмас, чунки улар рус тилини анча яхши билишади, чунки Қирғизистонда бу тил расмий мақомга эга ва кенг тарқалган, жумладан, таълим соҳасида ҳам қўлланилади. Ўзбекистонда эса, афсуски, рус тилини ўрганишга устувор аҳамият берилмаган”, деган Марказий Осиё бўйича мутахассис Станислав Притчин.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 17 июль куни Қирғизистонда барча давлат хизматчиларига қирғиз тилини билиш мажбуриятини юкловчи қонун лойиҳасини имзолагани ҳақида хабар бергандик. Ушбу қонуннинг қабул қилиниши Россиянинг “хавотирига” сабаб бўлди ва мамлакат Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Қирғизистонда қабул қилинган давлат хизматчиларига қирғиз тилини билиши мажбурийлиги ҳақидаги қонунга нисбатан “демократияга зид”, дея баҳо берди. Вазир Марказий Осиё давлатларида давлат тили тўғрисидаги қонунларнинг қабул қилиниши тенденциясидан хавотир билдириб, бу борада Қирғизистон ҳукумати бир неча маротаба огоҳлантирилганини айтди. Садир Жапаров Лавровнинг сўзларига изоҳ бериб, Россия Ташқи ишлар вазири қонунни ўқимасдан туриб гапирган бўлиши мумкинлигини билдирди.
Ўзбекистонда эса бу мавзу у қадар кун тартибида эмас. Аммо, куни кеча Ўзбекистон халқ артисти Дилором Каримова сўнгги йилларда мамлакатга серқатнов бўлиб қолган россиялик санъаткорларни, улар томонидан амалга оширилаётган пропагандани танқид остига олди. Унинг фикрича, бугунги кунда бутун дунёда рус [Россия] қудрати, рус [Россия] характери, рус тили, рус қуролига бўлган муносабат тубдан ўзгармоқда. Шу сабабли рус пропагандаси ўзининг ташвиқотини тинглайдиган майдон қидиряпти.
LiveБарчаси