“Эҳтимол, қонунни ўқимай гапиргандир”. Жапаров Лавровнинг эътирозига муносабат билдирди
Олам
−
24 Июль 2023
17781Қирғизистон Президенти Садир Жапаров жорий йилнинг 17 июль куни барча давлат хизматчиларига қирғиз тилини билиш мажбуриятини юкловчи қонун лойиҳасини имзолагани ҳақида хабар бергандик. Ушбу қонуннинг қабул қилиниши Россиянинг “хавотирига” сабаб бўлди ва мамлакат Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Қирғизистонда қабул қилинган давлат хизматчиларига қирғиз тилини билиши мажбурийлиги ҳақидаги қонунга нисбатан “демократияга зид”, дея баҳо берди. Вазир Марказий Осиё давлатларида давлат тили тўғрисидаги қонунларнинг қабул қилиниши тенденциясидан хавотир билдириб, бу борада Қирғизистон ҳукумати бир неча маротаба огоҳлантирилганини айтди. Садир Жапаров Лавровнинг сўзларига изоҳ бериб, Россия Ташқи ишлар вазири қонунни ўқимасдан туриб гапирган бўлиши мумкинлигини айтди. У бу ҳақда “Кабар” нашрига берган интервьюсида маълум қилди.
Жапаровнинг айтишича, қонунни қабул қилишдан мақсад рус тилини камситиш эмас, аксинча, рус тили Қирғизистонда расмий тил сифатида қўлланилишини англатади. Қонун, Лавров айтганидек, ўқитувчи ва шифокорларга нисбатан жорий қилинмайди.
“Кўринишидан, Сергей Лавров қонунни батафсил ўрганмаган. Бундан рус тилини камситиш мақсад қилинмаган. Аксинча, рус тили расмий тил сифатида қўлланилиши айтилган. Ушбу қоида конституцияда ҳам мавжуд. Бундан кейин ҳам шундай давом этади. Қонуннинг ўқитувчи ва шифокорларга алоқаси йўқ. Вазиятни рус миллатига мансуб рус тили ўқитувчиси мисолида кўриб чиқинг. Қирғиз тилини билмагани учун уни ҳеч ким ишдан бўшатмайди. Биз учун рус тили қирғиз тили каби муҳим роль ўйнайди, чунки биз МДҲ давлатлари билан алоқаларни рус тили орқали қурамиз. Шунингдек, Хитой, араб ва Европа давлатлари билан рус тилида музокаралар олиб бормоқдамиз. Бу ерда асосий урғу бошқа нарсага қаратилган: биз тилимизни ҳар томонлама ривожлантирмоқчимиз. Давлат хизматчилари, депутатлар, эътибор берганимиздек, ярми русча, ярми қирғизча сўзлайди. Ҳеч ким тоза русча ёки соф қирғизчада гапирмайди. Ҳар доим аралаштирилади. Шунинг учун биз иккала тилни ҳам керакли даражада ўзлаштиришимиз керак. Улар билан бир қаторда инглиз, француз, хитой ва бошқа тиллар ҳам ўрганишга арзийди, чунки уларни қанчалик кўп билсангиз, шунча яхши бўлади”, дейди Қирғизистон раҳбари.
Маълумот учун, Қирғизистон аҳолисининг асосий қисми – 74,04 фоизи қирғизлардан иборат. Мамлакатдаги иккинчи энг катта этник бирлик ўзбеклар (14,81 фоиз) бўлиб, рус миллатига мансуб аҳоли мамлакат умумий аҳолисининг 4,97 фоизини ташкил қилади. Шунга қарамай, Қирғизистон конституциясининг 10-моддасида қирғиз тили давлат тили экани, шунингдек, рус тили ҳам расмий мақомга эгалиги белгилаб қўйилган.
LiveБарчаси