Қирғизистондаги сайловларда Жапаровнинг тарафдорлари ғалаба қозонди

Олам

image

Кеча, 30 ноябрь куни Қирғизистонда бўлиб ўтган навбатдан ташқари парламент сайловларининг дастлабки натижаларига кўра, амалдаги Президент Садир Жапаров тарафдорлари ғалаба қозонди. Бу ҳақда маҳаллий ОАВ хабар берди.

Қайд этилишича, парламентдаги 90 ўриндан 50 таси аввалги чақириқ депутатларига насиб қилиши мумкин. 30 ноябрь куни маҳаллий вақт билан соат 19:00 га қадар сайловчиларнинг фаоллиги  34 фоиздан сал кўпроқни ташкил қилган. Қирғизистон Марказий сайлов комиссияси (МСК) маълумотларига кўра, дастлабки ҳисоб-китоблар натижасида Жапаровнинг иттифоқчилари бир неча ўринлардан ташқари барчасини қўлга киритган.

Янги тизим бўйича биринчи марта муддатидан олдин сайловлар ўтказилди. Қирғизистон парламенти депутатлари 25 сентябрь куни ўзини-ўзи тарқатиш тўғрисида қарор қабул қилди. Бунга сабаблардан бири 2026 йилнинг ноябрида – президентлик сайловларига икки ой қолганда муддатидан олдин сайлов ўтказиш истаги борлиги айтилган. Депутатларнинг фикрича, икки сиёсий воқеа ўртасидаги бундай қисқа тафовут сиёсий нотинчликни келтириб чиқариши мумкин.

Парламент аъзолари муддатидан олдин сайловлар ўтказилишини қўллаб-қувватловчи яна бир омил сифатида Президент томонидан 2025 йил июнь ойида қабул қилинган сайлов қонунчилигига киритилган ўзгартиришларни келтиришди. Илгари 90 нафар парламент депутатидан 36 нафари бир мандатли сайлов округлари бўйича, қолган 54 нафари эса партия рўйхати бўйича сайланган. Энди мамлакатда бор-йўғи 30 та сайлов округи мавжуд бўлиб, уларнинг ҳар бири учта депутатни сайлайди, улардан камида биттаси аёл бўлиши керак.

Расмийлар сайловларда партиявий тизимдан амалда воз кечишини “сиёсий коррупцияга қарши курашиш ва амалдаги сайлов тизимидаги камчиликларни бартараф этиш, халқнинг сайланган вакилларга ишонч даражасини ошириш” билан изоҳлади.

Сайловдан бир ҳафта олдин Қирғизистон ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари мухолифат вакиллари ва собиқ президент Алмазбек Атамбаевнинг собиқ тарафдорларини ҳибсга олди. Ҳибсга олинганлар орасида мухолифатдаги Социал-демократлар партияси аъзолари Темирлан Султонбеков ва Эрмек Эрматов, собиқ президентнинг ўғли Қодирбек Атамбаев ва бошқалар бор.

Ички ишлар вазирлиги баёнотига кўра, қўлга олинганлар “республикадаги парламент сайловлари натижалари эълон қилинганидан кейин оммавий норозилик кўринишини яратиш мақсадида бир қатор митинглар уюштиришни” режалаштирган.


Мақола муаллифи

Теглар

Президент Қирғизистон сайлов Садир Жапаров Қодирбек Атамбаев

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг