АҚШдаги элчи биринчи президентнинг мақомидан маҳрум этилишига қарши чиқди
Олам
−
16:10 862 3 дақиқа
Қирғизистоннинг АҚШдаги элчиси Эдил Байсалов Қирғизистоннинг биринчи Президенти Асқар Акаевни туғилган куни билан табриклаб, уни экс-президент мақомидан маҳрум қилиш тўғрисидаги қарорни танқид қилди. Бу ҳақда у ўзининг Facebook саҳифасида ёзди.
Бугун, 10 ноябрь куни Қирғизистон Республикасининг биринчи президенти Асқар Акаев 82 ёшни қаршилади.
Байсалов Асқар Акаевнинг энг муросасиз танқидчиларидан бири бўлгани ва аввалги қарашларидан воз кечмаганини ёзаркан, ҳар доим президент билан у ҳокимият тепасида бўлганида, у қарор қабул қилганда ва мамлакат тақдири унга боғлиқ бўлгандагина курашиш керак, деб ҳисоблашини урғулаган.
“21 йилдан бери лавозимидан кетган одам билан урушни давом эттиришнинг нима кераги бор? Бу аллақачон тарих. Уни қандай бўлса, шундайлигича қабул қилишни ўрганиш керак”, дейди сиёсатчи.
Эдил Байсаловга кўра, Асқар Акаев замонавий Қирғизистоннинг асосчиларидан бири ва бу фактни ҳеч ким бекор қила олмайди.
“1998 йил 20 декабрда Қирғизистон Марказий Осиё давлатлари орасида биринчи бўлиб Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлди. Мисол учун, Қозоғистон фақат 2015 йилда, Тожикистон 2013 йилда аъзо бўлган, Ўзбекистон эса ҳали ҳам қўшилиш бўйича музокаралар олиб бормоқда.
Бугун Қозоғистон ва Ўзбекистон бу ерда, Вашингтонда Жексон-Веник тузатиши таъсиридан бутунлай халос бўлиш учун катта куч сарфламоқда. Ҳукуматлар, дипломатлар, конгрессменлар ишлайди, катта сиёсий ресурслар жалб қилинади.
Қирғизистон эса собиқ СССР давлатлари орасида биринчи бўлиб бу масалани 2000 йилдаёқ ҳал қилган! Президент Асқар Акаев даврида! Арманистон ва Молдова фақат 2005 йилда шунга ўхшаш қарорга эришди. Қўшниларимиз эса ҳали ҳам бу масала устида ишлашда давом этмоқда”, деб ёзди Байсалов Асқар Акаевнинг Қирғизистон Республикасининг биринчи президенти сифатидаги ютуқлари ҳақида гапирар экан.
Шунингдек, у Муваққат ҳукуматнинг 2010 йилдаги Асқар Акаевни экс-президент мақомидан маҳрум қилиш тўғрисидаги декретини юридик жиҳатдан ўз-ўзидан ҳақиқий эмас деб ҳисоблашини айтди. У 2024 йилда Жогорку Кенешнинг депутатлари унинг мақомини тиклаш масаласини кўриб чиқиш учун комиссия тузишдан бош тортган қарорига ҳам қўшилмайди.
Байсалов 2005 йил апрель ойида Асқар Акаев билан музокаралар ўтказиш учун Москвага келган Жогорку Кенеш делегацияси унинг лавозимидан кетганидан кейин хавфсизлиги ва ҳуқуқий ҳолатини кафолатлаганини эслатди.
АҚШдаги элчи ўша музокаралар иштирокчилари, жумладан, ўша пайтда парламент депутати сифатида делегацияда бўлган амалдаги Президент Садир Жапаров ҳам ўша пайтда эришилган келишувларга риоя қилиш учун тарихий масъулиятни ўз зиммасига олишини таъкидлади.
Эслатиб ўтамиз, Қирғизистоннинг биринчи президенти Асқар Акаев июнь ойида республикага келиб, Иссиқкўл халқаро форумида иштирок этган эди. Илгари эълон қилинган расмий иштирокчилар рўйхатида унинг исми бўлмаган. Акаев 2005 йил 24 мартда инқилоб пайтида мамлакатдан қочиб кетган ва ўша йилнинг 3 апрелида расман истеъфога чиққан. Ўша воқеалардан сўнг у Қирғизистонга фақат 2021 йилда “Қумтор” иши бўйича кўрсатма бериш учун келган.
Live
Барчаси