Жапаров давлат хизматчиларини қирғиз тилида гапиришга мажбурловчи қонунни имзолади
Олам
−
17 Июль 2023
5157Қирғизистон Президенти Садир Жапаров мамлакат парламенти томонидан қабул қилинган барча давлат хизматчиларига қирғиз тилини билиш мажбуриятини юкловчи қонунни имзолади. Бу ҳақда республика раҳбарининг матбуот хизмати хабар берди.
“Қирғиз Республикаси Президенти Садир Жапаров “Қирғиз Республикасининг давлат тили тўғрисида”ги конституциявий қонунни имзолади”, дейилади хабарда.
Янги қонунга кўра, бундан буён давлат органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, барча мулкчилик шаклидаги корхона, муассаса ва ташкилотлар фаолиятида қирғиз тили қўлланилиши керак. Қўшма, хорижий ташкилотларнинг номлари энди давлат тилига транслитерация қилинган ҳолда ёзилиши керак. Телерадиокомпаниялар, шу жумладан, хусусий ташкилотлар ўз кўрсатувларининг камида 60 фоизини давлат тилида кўрсатиши шарт.
Барча давлат хизматчилари, шу жумладан депутатлар, Миллий банк ходимлари, ҳарбий хизматчилар, судьялар, прокурорлар, адвокатлар, нотариуслар, барча мулкчилик шаклидаги таълим муассасалари ходимлари ва тиббиёт ходимлари давлат тилини билиши ва ўз хизмат вазифаларини бажаришда ундан фойдаланиши шарт.
Шунга қарамасдан, Қонуннинг 2-моддасида Қирғизистонда рус тили расмий тил сифатида қўлланилиши белгилаб қўйилган.
“Давлат тилидан фойдаланиш Қирғиз Республикаси қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади. Қирғизистон ўз ҳудудида яшовчи барча миллат вакиллари тилларидан эркин фойдаланиш тамойилига амал қилади ва бу тилларнинг ривожланиши учун шарт-шароит яратилишини кафолатлайди”, дейилади матбуот хизмати хабарида.
Маълумот учун, республикада давлат тили қирғиз тили бўлиб, рус тили конституцияда мустаҳкамлаб қўйилган расмий тил мақомига эга.
LiveБарчаси