Хонанда Лола Грузияда рус тилида гапиргани сабаб қўпол муомалага учради
Маданият-санъат
−
04 Октябрь 2023
33344Таниқли хонанда Лола Йўлдошева ўзбекистонлик актриса Асал Шодиева билан Грузиянинг Тбилиси шаҳрида дам олмоқда. Ушбу саёҳат давомида шаҳарда жойлашган ZARA дўконларидан бирига кийим харид қилиш учун кирган санъаткорлар рус тилида гапиргани учун сотувчилар томонидан қўпол муомалага учради. Бу ҳақда Лола Йўлдошева ўзининг Instagram саҳифасига жойлаган видеосида гапирди.
“Салом, қизлар. Биз ZARA’дан чиқдик. Дўконларни айландик ва сизга шуни айтмоқчиманки, бу ерда рус тилида гапираётган вақтингизда эҳтиёткорроқ бўлинг. Бу ерда рус тилини қабул қилишмас экан. Биз буни билгандик, инобатга олгандик. Мен шахсан уларнинг ҳиссиётларини тушунаман. Улар шу мамлакатда яшайди. Уларда бундай ҳуқуқ бор. Биз қизлар билан ўзбек тили ёки рус тилида гапиришга ҳаракат қиляпмиз. Лекин барчаси чегарадан чиқиб кетяпти. Биз ZARA дўконига кирганимизда ўзаро рус тилида гаплашаётганимизни сотувчи эшитиб қолди. У мен билан гаплашишни истамади, саволларимга жавоб қайтармади. Кейин мен нимадир муаммо борми ёки ўзингизни ёмон ҳис қиляпсизми, деб сўрадим. У “ҳа, мен касалман” деб жавоб берди. Мен билан жуда қўпол гаплашди. Мен унга сиз ишдасиз ва биз ёмон ҳеч нима қилмадик, дедим. Мен бу гапларни инглиз тилида гапирдим. Аммо у менга қўполлик қилишда давом этди. Охирида эса у нарсаларни столга улоқтириб юборди. Шундан сўнг мен ўзимни жуда ёмон ҳис қилдим ва консультант билан уришдим. Асал мени қўллаб-қувватлаб турди.
Мен бу билан айтмоқчиманки, агар бошқа мамлакатга бормоқчи бўлсангиз, у ернинг кичик жиҳатларини ҳам инобатга олинг. Биз қизлар билан шундай қиляпмиз: ё инглиз, ё ўзбек тилида гапиряпмиз”, деган хонанда видеода рус тилида гапирар экан.
Маълумот учун, хонанда Лола Йўлдошева ўзбек санъатига даставвал актриса сифатида “Севинч” ва “Келгинди куёв” фильмларидаги роллари орқали кириб келган. Қўшиқчилик фаолиятини Мая тахаллуси билан, асосан, рус тилида қўшиқ куйлашдан бошлаган. У бугунги кунда ҳам ўзбек ва рус тилларида бирдек ижод қилади ва кундалик ҳаётда ҳам кўпроқ рус тилида гапиради. Лола санъатдаги фаолиятини тўхтатиб, иккинчи бор турмуш қурганидан кейин Москвада истиқомат қилиб келаётган эди.
Эслатиб ўтамиз, Американинг “The Killers” гуруҳи солисти Брэндон Флауэрс Грузиянинг Батуми шаҳридаги концертида барабан чалиш учун россиялик мухлисни саҳнага таклиф қилгани учун грузияликлар концертни ёппасига тарк этган ва кейинроқ қўшиқчи бунинг учун узр сўраганди.
LiveБарчаси