Россиянинг урушдаги “Б” режаси ишга тушгани ва унинг мақсади очиқланди

Олам

image

Жорий йилнинг 24 февралидан бери Россия Украинага 1200 дан ортиқ баллистик, қанотли ва товушдан тез учадиган ракеталарни учирди, улардан 467 таси аҳоли турар жойларини нишонга олган. Бу ҳақда Украинанинг БМТдаги доимий вакили Сергей Кислица кеча, 29 март куни БМТ Хавфсизлик кенгашининг Россиянинг Украинага бўлган тажовузига бағишланган йиғилишида маълум қилган.  

“Дастлабки блицкриг режаси муваффақиятсизликка учрагач, рус қўшинлари “Б” режасига ўтишди. Бу режа Украина сиёсий раҳбарияти ва халқини қўрқитиш учун бутун Украина бўйлаб гуманитар фалокат келтириб чиқариш ва мамлакатим қишлоқ хўжалиги салоҳиятини йўқ қилишдир”, дейди у.

Кислицанинг таъкидлашича, қуроллар тўплами кенг ва ниҳоятда шафқатсиздир. Уларга аҳоли пунктлари ва муҳим инфратузилмаларни атайлаб вайрон қилиш, бутун мамлакат бўйлаб ракета ҳужумлари, шаҳарларни қамал қилиш, гуманитар коридорлар бўйича келишувларни бузиш, босиб олинган ҳудудларда тинч аҳолига қарши террор, шу жумладан, одам ўғирлаш ва қотиллик киради. 

Унга кўра, босқинчилар 30 га яқин маҳаллий раҳбарлар, фаоллар ва журналистларни ўғирлаб кетган. 

“Мариуполь Европанинг юрагида қон оқаётган яра бўлиб қолмоқда. Маҳаллий ҳокимият маълумотларига кўра, камида 5 минг киши ҳалок бўлган. 150 мингга яқин аҳоли қандайдир оддий яшаш шароитларидан маҳрум бўлиб, қамалда қолмоқда. Уларни эвакуация қилиш керак, лекин тажовузкорнинг ҳудудига эмас. Россиянинг бунга уринишлари нафақат беадаб иккиюзламачилик, балки уруш қонунлари ва урф-одатларини, халқаро гуманитар ҳуқуқ нормаларини қўпол равишда бузишдир. 40 мингга яқин украиналик Россия ва Беларусга мажбуран олиб кетилди”, деган Кислица. 

Қайд этилишича, рус босқинчилари Мариуполдан Украинанинг босиб олинмаган ҳудудига кетишга уринаётган эвакуация колонналарини ўққа тутмоқда. 

UNICEF маълумотларига кўра, Украинадаги уруш давомида 4,3 миллион бола кўчирилиши керак бўлган (мамлакатда 7,5 миллион бола бор), улардан 1,8 миллиони хорижга кетган. Россия ҳужумларида камида 143 нафар бола ҳалок бўлган, 216 нафари яраланган. 

“Шошилинч инсонпарварлик ҳаракати зарур. Айни пайтда шуни ёдда тутиш керакки, Украинадаги гуманитар фалокат Россия ҳарбий стратегиясининг элементи ҳисобланади. Ҳар қандай ташаббус самарали бўлиши учун у Россиянинг Украинага нисбатан умумий ёндашувини ўзгартиришга қаратилган бўлиши керак, тажовузкорни гуманитар йўлда шерик сифатида жалб қилиш бўйича беҳуда уринишларга эмас”, деган Кислица.

Россия-Украина уруши

Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарасида тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.

Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.

24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.

Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.

25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.

Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.

Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.

Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.

Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия-Украина уруши Украинага босқин

Баҳолаганлар

139

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг