Россиянинг мавжудлиги хавф остида – Мединский
Олам
−
25 Март 2022
23716Бугунги кунда Россиянинг мавжудлиги хавф остида турибди. Ғарб давлатлари мамлакатни ўз сиёсий тизимини йўқ қилишга ундамоқда. Бу ҳақда Россия Президентининг ёрдамчиси Владимир Мединский тарихий таълим бўйича идоралараро комиссиянинг иккинчи йиғилишида маълум қилди.
“Мен ҳозиргига ўхшаш ҳолат тарихда кўп бўлмаганини кўряпман. Қийинчиликлар вақти, 1917 йил февраль арафаси, 1989 йил — СССР парчаланишида бўлган. Коллектив Ғарб бизни шу томон, яъни сиёсий тузумни вайрон қилиш, мамлакатни вайрон қилиш сари ундамоқда”, дейди Мединский.
Шунингдек, у Маданият вазирлигини бошқарган пайтда давлат пули эвазига тайёрланган асарларда рус тарихини қоралаш амалиётини охиригача енгиб ўта олмаганини тан олди. Унга кўра, рус тарихини қоралаганлар хоинлардан ҳам ёмонроқдир.
Мединскийнинг таъкидлашича, Россия телеканаллари ҳозирги шароитда кўнгилочар дастурлар сонини камайтириши ва уларни тарихни бузиб кўрсатмайдиган фильмлар билан алмаштириши керак. Кўнгилочар дастурлар ўрнига яхши совет, рус ва чет эл киносини кўрсатиш лозим.
“Россия тарихини, жумладан, Ғалаба кунини қораловчи фильмлар суратга олиш учун давлат пулидан фойдаланганлар хоинлардан ҳам баттарроқдир”, дейди у.
Россия-Украина уруши
Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарадаги тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.
Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.
24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.
Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.
25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.
Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.
Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.
Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.
Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.
LiveБарчаси