“Россиянинг ғалаба қозонишига ишонаман”. Афзал Рафиқовнинг гаплари тармоқни “портлатди”
Маданият-санъат
−
20 Июль 2022
65789Россия Украинага қарши уруш бошлашга мажбурланди, аммо у бу қарама-қаршиликда албатта ғалаба қозонади. Ўзбекистон халқ артисти Афзал Рафиқов “Озодлик радиоси”нинг “Россия босқини: Гапириш фурсати” рукнига берган интервьюсида шундай фикр билдирди.
“Албатта яхши, Россия мажбур бўлди. Россияни мажбур қилишди. Украинада фашизм туғиляпти. Европада! Буни Европа тан олмади. Америка тан олмади. Кечирасиз-у, Украинани к...тига пахта қўйишди. Мақсад, Россияни ҳозирги бўлаётган ишларга мажбурлаш ва ниятига етди. Шу менинг муносабатим, жуда тўғри иш бўляпти”, дейди Афзал Рафиқов.
Ўзбекистон халқ артистига кўра, мазкур урушда Россия ғалаба қозонади.
“Албатта, уруш доим ёмон нарса, урушнинг бети қурсин. Лекин мажбур бўлгандан кейин нима қилсин?! Ҳаётда ҳам баъзан муштлашишга тўғри келади-ку. Россиянинг ғалаба қозонишига мен ишонаман. Россия – ҳақ!”, дейди Рафиқов.
Қайд этиш керак, Россиянинг Украинага расман эълон қилинмаган уруши ҳозирнинг ўзида ўн минглаб одамларнинг ҳаётига зомин бўлди. Бутун дунёдаги иқтисодий ҳолатни издан чиқарди. Ҳатто, пандемияда кузатилмаган озиқ-овқат билан боғлиқ муаммолар, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг тақчиллиги ва нарх-навонинг кескин ошиши кузатилмоқда. Путин Украинага тажовузни уруш эмас, балки "махсус ҳарбий амалиёт" деб атаган ва рус матбуотида "уруш" сўзини расман тақиқлаган. Ўзбекистон Ҳукумати бу борада нейтрал позицияни эгаллаган.
Россия-Украина уруши
Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарасида тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.
Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.
24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.
Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.
25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.
Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.
Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.
Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.
Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.
LiveБарчаси