Россияда ўзбекистонлик мигрант полиция ўтказган рейддан сўнг вафот этди
Жамият
−
30 Май 2023
13868Россиянинг Москва шаҳридаги қурилиш майдонида полиция ходимлари томонидан ўтказилган рейд тадбирида ўзбекистонлик мигрантнинг юраги ҳуруж қилиб, вафот этди. Бу ҳақда QALAMPIR.UZ’ga Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги маълум қилди.
Келтирилишича, қурилиш майдонида юк ташувчи бўлиб ишлайдиган икки ака-ука иш кунидан сўнг спиртли ичимлик ичиб дам олаётган бўлган. Ўша пайт полиция ходимлари келиб, улардан ҳужжатлар сўраган. Бироқ ака-укалар ҳужжатлари йўқлигини айтган. Ўша пайт 48 ёшли Отабек исмли эркакнинг тўсатдан мазаси қочиб қолган. Шундан сўнг зудлик билан шифохонага юборилган ва у ерда вафот этган.
Ташқи меҳнат миграцияси агентлигига кўра, ўзбекистонлик фуқаро О.О. соғлиғи ёмонлашгани сабабли Москвадаги Боткина номли шифохонага жойлаштирилган. Шифохонада унга тиббий ёрдам кўрсатилган, аммо у вафот этган. Жорий йилнинг 25 май куни вафот этган фуқаронинг жасади Ўзбекистонга қайтарилган.
Бу Россиядан Ўзбекистонга жасади қайтган ягона мигрант эмас. Бу каби ҳолатлар Россия-Украина уруши бошлангандан сўнг бир неча бор кузатилди. Аввалроқ, Россия Федерациясига ишлаш учун кетиб, Украина урушига сафарбар қилинган ўзбекистонлик йигитнинг жасади Наманганга қайтарилган эди.
Эслатиб ўтамиз, жорий йил бошида Россия-Украина урушида “Вагнер” сафида жанг қилган 2 ўзбекистонликнинг жасади Самарқандда дафн этилган эди. Улар ҳам дастлаб Россия Федерациясига ишлаш мақсадида кетиб, сўнгра қамоққа тушган. Шундан сўнг улар ҳам урушга сафарбар қилинган.
LiveБарчаси