Россияда хорижий компаниялар мулкини ўзлаштириш таклиф қилинди
Олам
−
08 Март 2022
12163Россия Фелерациясининг ҳумкрон “Ягона Россия” партияси Украинадаги уруш фонида мамлакатда ишлаб чиқариш тўхтатилганини эълон қилган Ғарб компаниялари активларини миллийлаштиришни таклиф қилмоқда.
Партия Бош кенгаши котиби Андрей Турчакнинг таъкидлашича, Ғарб компанияларининг бундай ҳаракатлари ўйлаб топилган банкротликдан бошқа нарса эмас.
“Ғарб Россияга қарши санкциялар урушини бошлади, бу урушга нафақат ҳукуматлар, балки хусусий компаниялар ҳам бош қўшди. Улардан баъзилари Россиядаги бизнесини тарк этиши ва корхоналарини ёпишини эълон қилмоқда. Барча ҳолатларда бу фақат сиёсий қарор бўлмоқда. Бунинг касрига бир кечада ишдан бўшатилган россияликлар қолмоқда. Бундай хатти-ҳаракатлари билан бу компаниялар ўз иқтисодига путур етказаётгани ҳақида гапирмаса ҳам бўлади, улар “асаларилар асалга қарши” тамойили асосида ҳаракат қилишмоқда”, деган Турчак.
У санкцияларни урушга тенглаштириб, бу Россияга қарши эмас, фуқароларга қарши эканини айтган.
“Биз бунга бефарқ қарамаймиз. Биз уруш қонунлари асосида ҳаракат қилиб, қатъий жавоб чораларини кўрамиз”, деган сиёсатчи.
Россия-Украина уруши
Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарадаги тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.
Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.
24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.
Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.
25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.
Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.
Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.
Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.
Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.
LiveБарчаси