Россия ва Ғарб ўртасига темир парда тушмоқда – Лавров

Жамият

image

Ғарб аллақачон ўзи ва Россия ўртасига темир парда туширишга киришди. Бу ҳақда бугун, 30 июнь куни Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Минскда Беларусь ташқи сиёсати етакчиси Владимир Макей билан бўлган қўшма матбуот анжуманида маълум қилди.

“Темир пардага келсак, у аллақачон тушмоқда, жараён бошланди. Фақат [Ғарб] ҳеч нарсани чимчилаб қўймаслик учун ўзини эҳтиёткорлик билан тутиши керак”, дейди Лавров.

Унинг таъкидлашича, Россия ва Европа Иттифоқи ўртасидаги муносабатлар 2014 йилда Европа расмийлари Украинадаги давлат тўнтаришини қўллаб-қувватлаганидан бери мавжуд эмас, ўзаро ҳамкорликнинг барча механизмлари йўқ қилинган.

Россия Ташқи ишлар вазири Европа Иттифоқини турли саммитлар ва жойлардаги икки томонлама мулоқотни йўқ қилишда айблади.  

“Ҳозир бу муносабатлар йўқлигининг ажабланарли жойи йўқ. Лекин биз ҳеч қачон муносабатларни тугатмаганмиз. Фақат шуни айтишим мумкинки, бундан буён на америкаликларга, на ЕИга ишонамиз, муҳим соҳаларда уларга қарам бўлмаслик учун барча зарур ишларни қиламиз", дея таъкидлади Лавров.

Россия ТИВ раҳбарига кўра, агар Ғарб давлатлари ўзларининг буюклиги билан овора бўлишдан бўшаб, қандайдир таклифлар билан Россияга мурожаат қилса, Москва уларни кўриб чиқади.

Беларусь Ташқи ишлар вазири Владимир Макей Лавров билан учрашувдан сўнг, Иттифоқ давлати ва Ғарб ўртасидаги темир парда нафақат уфқда ётибди, балки унинг қурилиши аллақачон бошланган, деган фикрни билдирди.

"Темир парданинг контурлари нафақат уфқда кўриниб турибди. Аслида, унинг пойдевори аллақачон қад ростлаган", дейди Макей.

Унинг сўзларига кўра, темир парда нафақат сиёсий алоқаларни чеклаш ёки тўхтатиш, савдо, логистика ва фуқаролар ҳаракатини чеклашда, балки Европа Иттифоқи мамлакатлари томонидан Беларусь билан чегарада ўрнатилган ҳақиқий тўсиқларда ҳам намоён бўлади.

Россия-Украина уруши

Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарасида тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.

Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.

24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.

Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.

25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.

Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.

Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.

Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.

Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.


Мақола муаллифи

Теглар

Беларусь Лавров Россия-Украина уруши Украинага босқин

Баҳолаганлар

16

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг